Ўзбекистон - Ўмон сиёсий маслаҳатлашуви
Маскат шаҳрида Ўзбекистон ва Ўмон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувнинг еттинчи давраси бўлиб ўтди.
Томонлар делегацияларига Ўмон ташқи ишлар вазирининг дипломатик масалалар бўйича ўринбосари шайх Халифа ал-Ҳорисий ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов раҳбарлик қилди.
Тадбирда сиёсат соҳасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Халқаро ва минтақавий тузилмалар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини баҳолаш ва истиқболини белгилаш музокаранинг асосий мавзуси бўлди.
Бу борада ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини кескин ошириш ҳамда инвестициявий алоқани жадаллаштириш, ҳамкорлик йўналишлари таркибини тубдан диверсификация қилиш чоралари хусусида сўз юритилди.
ЎзА