Ўзбекистон миллий педагогика университети 8Foundry Alliance халқаро инновацион кластерига аъзо бўлди
Бугунги рақамли технологиялар даврида олий таълим муассасаларининг халқаро майдондаги ўрни ва рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан уларнинг нуфузли илмий-таълим тармоқлари билан ҳамкорлигига боғлиқ.
Айни йўналишда 8Foundry Alliance Европа, Осиё ва бошқа минтақалардаги университетлар ҳамда илмий-тадқиқот марказларини бирлаштирувчи халқаро инновацион платформа ҳисобланади.
Мазкур платформа таълим, илм-фан, инновациялар ва технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади. Соҳада давлат ташкилотлари ҳамда бизнес субъектларини қамраб олади.
Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб 8Foundry Alliance халқаро инновацион кластерига аъзо бўлди.

Мазкур воқеа мамлакатимиз олий таълим тизимининг халқаро интеграция жараёнларидаги муҳим қадамларидан биридир. Шу муносабат билан университетда Польша Республикасининг 8Foundry Alliance халқаро кластери раҳбарияти вакиллари — кластер раиси Рафаэль Магриш ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича мутахассис Пётр Мержвиньский иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ректори Ҳилола Умарова мазкур ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
– Бугунги кунда юртимиз олий таълим муассасалари учун халқаро ҳамкорликни кенгайтириш стратегик вазифалардан бири ҳисобланади, — деди Ҳилола Умарова. – Айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатлари университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро грантлар ва дастурларда иштирок этиш, қўшма илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш биз учун устувор йўналишдир. 8Foundry Alliance тармоғи мазкур мақсадларни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратади. Университетимиз томонидан аъзолик бўйича барча ҳужжатлар имзоланиб, кластерга тақдим этилди. Бугунги учрашув эса ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиқиш ва келгусидаги қўшма режаларни белгилаб олиш учун муҳим.
Учрашув давомида таълим ва илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро грантларда иштирок этиш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, академик алмашинув дастурларини кенгайтириш ва технологиялар трансфери каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур ҳамкорлик университет учун бир қатор янги имкониятларни очиб беради. Хусусан, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар Европа университетлари ҳамда илмий марказлари билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш имкониятига эга бўлса, талабалар халқаро лойиҳаларда иштирок этиш, стартап ғояларини хорижий экспертлар ва инвесторларга тақдим этиш имкониятини қўлга киритади.
Шунингдек, кластер вакиллари университет фаолияти, таълим сифати ва илмий салоҳиятини ўрганади. Келгусида университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг Польшага ташрифлари ташкил қилиниб, илғор тажрибалар билан танишиш ва малака ошириш ишлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

– Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг халқаро ривожланиш стратегияси ва инновацияларга бўлган ёндашувини юқори баҳолаймиз, — деди 8Foundry Alliance халқаро кластери раиси Рафаэль Магриш. — Университетнинг кластеримизга қўшилиши Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Биз биргаликда янги ташаббусларни амалга оширишни режалаштирдик. Ишонаманки, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли натижалар беради
Замонавий университет фақат таълим бериш билан чекланиб қолмасдан, инновациялар яратиш, илмий натижаларни амалиётга жорий этиш ва халқаро ҳамкорлик майдонларида фаол иштирок этиши лозим. Шу нуқтаи назардан қараганда, университетнинг 8Foundry Alliance халқаро кластерга қўшилиши таълим ва илм-фан соҳасида янги имкониятлар эшигини очувчи муҳим жараёндир.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА