Ўзбекистон мева-сабзавотларининг Латвияга экспорти 7 миллион еврога етди
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини халқаро андазалар асосида такомиллаштириш мақсадида Латвия Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида «Ўзбекистонда хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни ривожлантириш» лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида юртимиз мутахассислари Рига шаҳрида Латвиянинг фитосанитария экспорт тизими, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва карантин тадбирларини ташкил этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, замонавий рақамли назорат ҳамда мониторинг воситаларини ўрганиб, илғор хорижий тажрибани амалиётга татбиқ этиш борасида малака оширди.
Ўқув дастури доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш механизмлари, илмий ҳамда инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш масалалари диққат марказида бўлди. Латвиялик мутахассислар билан биргаликда зaрарли организмларни аниқлаш, мониторинг қилиш ва прогнозлаш, хавф-хатарларни баҳолаш ҳамда ҳудудлар бўйича фитосанитария назоратини ташкил этишда замонавий ахборот тизимларининг имкониятлари чуқур таҳлил қилинди. Бундай ёндашув ўсимликлар саломатлигини кафолатлаш, хавфли организмлар тарқалишининг олдини олиш, тезкор мониторинг юритиш ва тегишли фитосанитария чораларини ўз вақтида белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси вакиллари Латвиянинг нуфузли BIOR – Озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳайвонлар саломатлиги ва атроф-муҳит илмий институтида бўлиб, мазкур муассаса лабораториялари фаолияти, илғор таҳлил усуллари ҳамда лаборатория тадқиқотларини ташкил этиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Ташриф чоғида асосий эътибор пестицид қолдиқларини аниқлаш усулларига қаратилди. Мутахассисларга маҳсулотларда кимёвий моддалар мавжудлигини аниқлаш, олинган натижаларни холис баҳолаш ва таҳлилларнинг юқори даражадаги ишончлилигини таъминлашда қўлланиладиган замонавий лаборатория ёндашувлари намойиш этилди.
Маълумот ўрнида келтириш жоизки, BIOR институти лабораторияларида ISO/IEC 17025 халқаро стандарти талаблари асосида ишлайдиган тахминан 400 та аккредитация қилинган таҳлил усули мавжуд бўлиб, кимё лабораториясида озиқ-овқат маҳсулотлари ва атроф-муҳит намуналари хроматография ва масс-спектрометрия каби илғор инструментал усуллар ёрдамида таҳлил қилинади. Пестицид қолдиқларини қатъий назорат қилиш озиқ-овқат хавфсизлигининг ажралмас қисми ҳисобланиб, бундай лаборатория таҳлиллари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари қолдиқларини аниқлаш ва уларнинг белгиланган хавфсизлик талабларига тўлиқ мослигини баҳолаш имконини беради. Дастур давомида намуналарни лабораторияга қабул қилиш ва таҳлилга тайёрлаш, сифатни бошқариш ҳамда натижаларнинг ишончлилигини таъминлаш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Латвия мутахассислари ўртасидаги мазкур ҳамкорлик лаборатория диагностикаси сифатини янада ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда юртимизда халқаро талабларга тўла жавоб берадиган хавфсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА