Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлашга тайёрми?
Кўпгина давлатларда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш тараққиёт калити сифатида қараб келинмоқда. Зеро, юқори малакали ва ихчам давлат бошқарув аппарати маъмурий бошқарувнинг самарадорлигини таъминлашнинг муҳим гарови бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда 2017 йилдан кенг миқёсдаги маъмурий ислоҳотлар бошланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон билан давлат бошқарувининг энг муҳим бир нечта йўналишларда маъмурий ислоҳотларни амалга оширишнинг концептуал йўналишлари белгилаб берилган бўлса-да, орадан беш йил ўтиб мазкур ислоҳотларнинг илк натижаларининг ютуқ ва муаммоларини тўғри баҳолаб олиш муҳим аҳамият касб этади.
Негаки, мамлакатимизда бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 22 ноябрдаги “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига кўра, маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишга киришилди. Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш устида таҳлиллар бошлаб юборилган.
Мазкур таҳлилларни тўғри олиб бориш ва натижа ўлароқ келгуси ислоҳотларни самарали амалга ошириш учун мавжуд ютуқ ва муаммоларни тўғри англаш зарур.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йилдан башланган маъмурий ислоҳотларнинг энг асосий ютуғи шу бўлдики, биз давлат бошқарувида мавжуд бўлган кучли “назорат” тизимидан секин-аста воз кечдик, давлат органлари халқ фикрини эшитишни маълум даражада йўлга қўйди.
Президентимизнинг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган ҳамма ислоҳотлар ҳам охирига етказилди, деб бўлмайди.
Мисол учун, фармон билан белгилаб берилган маъмурий адлия тизимини такомиллаштириш сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмади. Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини кафолатлашга қаратилган “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги қонун ҳануз қабул қилинмади.
Бироқ энг катта муаммо бу эмас, балки давлат бошқарувида ҳали-ҳануз эскича – маъмурий буйруқбозлик, кўзбўямачилик асосида ишлашнинг кенг тарқалгани, давлат хизматчиларида таҳлилий фикрлаш, ўз устида доимий ишлаш, танқидий ва конструктив фикрлаш асосида маъмурий бошқарувнинг истиқболларини белгилаш етишмаяпти.
Биз бир ҳақиқатни тўғри англашимиз зарур. Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг халқ кутган натижаларига эришиш учун, аввало, ҳаммамиз тўғри ва сифатли ишлашга ўрганишимиз зарур. Ҳеч қайси хорижий давлат ёки бегона шахслар бу масалада бизга беғараз ёрдам бера олмайди.
Шундай экан, фикримизча, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 ноябрдаги “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига кўра амалга ошириладиган таҳлилларда қуйидаги фикрларни эътиборга олиш фойдали бўлган бўлар эди.
Биринчидан, сифатли давлат хизматчиларини тайёрлаш ва доимий равишда малакасини ошириб бориш зарур. Бунга эришиш воситаси сифатида эса “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш лозим. Қонунда давлат хизматчиларини ягона танлов тизими асосида хизматга қабул қилиш, хизмат бўйича ўсишнинг аниқ мезонларини белгилаш, ротация, интизомий жазога тортиш ва хизматдан бўшатиш, хизматга ҳақ тўлашнинг аниқ шартлари ва механизмини турли субъектив омиллар таъсиридан холи тарзда белгилаш керак. Тизим шундай бўлиши керакки, давлат хизматчилари қонун доирасида тўғри, адолатли ва сифатли ишлаши учун барча ҳуқуқий кафолатлар ўрнатилиши лозим.
Тажрибали давлат хизматчилари, жумладан, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳа вакиллари йиллар давомида тўплаган ўз билим ва тажрибаларини ўзидан кейинги авлод билан бўлиша олсин.
Албатта, бунда хизмат бўйича ўсиш ва бошқа масалаларда тегишли изчилликни сақлаб қолиш, авлодлар алмашинуви мувозанатини сақлаш муҳим аҳамият касб этади. Бир сўз билан айтганда, билим ва тажриба ўргатган устоз-мураббийлар эъзозланиши ва устозлардаги барча яхши билимлар кейинги ёш авлодга изчил ва узвий етказиб борилиши керак.
Иккинчидан, вазирлик ва идоралар ишини ташкил этишда яхши ғоя ва инновацияларни рағбатлантириш асосида ишни ташкил этиш талаб этилади. Раҳбар ўз раҳбарлигини ғоявий етакчилик, лидерлик қобилиятлари, жамоани муштарак мақсадлар йўлида бирлаштира олиш ва қўйилган мақсадларга эришиш ва эришилмаган натижалар юзасидан масъулиятни олиш билан тасдиқлаши лозим.
Шунга кўра, раҳбар кадрлар ўз ходимларининг истиқболли ғояларини эшитишга ўрганишлари ва рағбатлантириши муҳимдир. Албатта, бу масалада ҳам турли таниш-билиш ва коррупцион омиллар асосида ишга олиш ва мансаб бўйича ўсишни йўқотиш талаб этилади.
Учинчидан, вазирлик ва идоралар сони ва кўлами, функционал вазифаларини тўғри белгилаб олишимиз лозим. Шундай соҳалар ёки масалалар борки, бир вазифани бир нечта идора бажаради. Бу самарасиз бошқарув белгиси.
Мисол учун, халқ таълими соҳасида қонунлар ижроси устидан назорат халқ таълими вазирлиги, адлия органлари, прокуратура органлари ва бошқа идоралар томонидан амалга оширилади. Бундай назоратбозлик кимга ва нимага керак? Назоратнинг мақсадини тўғри белгилаш орқали бундай назоратни битта орган амалга оширгани маъқул. Назоратни амалга оширадиган органлар давлат бюджетидан молиялаштирилишини инобатга оладиган бўлсак, бир масала юзасидан бир неча марта молиялаштириш амалга оширилмоқда. Ривожланган хорижий давлатларда на адлия ва на прокуратура органлари бундай назорат функцияларига эга эмас.
Биз эскича ишлаш услубидан воз кечмоқчи бўлсак, давлат бошқарувида эскича ёндашувлардан ҳам дадил воз кеча олишимиз керак.
Вазирлик ва идоралар сони бўйича оптимал рақам айтиш қийин бўлсада, бироқ бир нарсани аниқ айтишимиз мумкин: давлат ўзи тартибга солиши керак бўлган соҳалар ва нодавлат секторга бериши керак бўлган йўналишларни аниқлаб олиши керак. Бунда асосий мезон давлатда имкон қадар жамият ҳаётининг энг муҳим масалаларигина қолдирилиши лозим.
Мисол учун, кўпгина ривожланган хорижий мамлакатларда олий таълим вазирлиги мавжуд эмас. Чунки академик эркинликка асосланган олий таълим муассасалари ўзини-ўзи бошқара олади. Яна бир мисол, прокуратура органлари ва адлия органлари ягона тизимга бирлаштирилган. Жамоат тартиби ва хавфсизлигини асосан битта тузилма – полиция амалга оширади. Албатта, бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин.
Мисол учун, Япония тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, кунчиқар юртда ижро ҳокимияти ўзининг ихчамлиги ва самарали фаолият юритиши билан ажралиб туради.
Тўртинчидан, вазирлик ва идораларнинг ўзаро ва бир тизим ичида амалга оширадиган вазифаларини аниқ белгилаб олиш лозим. Бунда ҳар бир орган ўзининг мустақил фаолият йўналиши ва масъул бўлган соҳасига эга бўлиши шарт. Содда қилиб айтганда, ҳар бир соҳанинг эгаси аниқ бўлиши ва у битта бўлиши керак.
Буни амалга ошириш учун эса давлатимиз раҳбарининг “2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишининг ҳар бир йўналишидаги бандлар кесимида керакли таҳлиллар амалга оширилиши талаб этилади.
Бешинчидан, 2017 йилдаги маъмурий ислоҳотлар концепцияси шуни кўрсатдики, маъмурий ислоҳотларни амалга оширишнинг умумий ва концептуал йўналишларини белгилаб олишнинг ўзи етарли бўлмайди ва бу кутилган натижани бермайди. Шунга кўра, навбатдаги маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда ҳар бир соҳа кесимида давлат бошқарувининг мақсадли кўрсаткичлари ва унга эришиш қадамлари, аниқ механизмлари имкон қадар батафсил кўрсатиб ўтилиши лозим.
Олтинчидан, маъмурий ислоҳотлар ким учундир ёки қайсидир идора манфаатлари учун амалга оширилмаслигини тушуниб олишимиз лозим. Қайси соҳани олманг, ҳар бир соҳада ҳар бир вазирлик ва идоранинг “ўрганиб қолган ва ўзи учун қулай бўлган” ва аксарият ҳолларда “орқада қолган” бошқарув амалиёти мавжуд. Дейлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳаддан ташқари кўплиги жамоат тартиби учун ҳам ички ишлар, ҳам миллий гвардиянинг жавоб бериши бир қарашда тўғри кўринсада, аслида ушбу органлар функционал вазифаларида жуда кўп ўзаро кесишадиган ва тушунарсиз масалаларни келтириб чиқаради. Вазифалар такрорланиши эса бошқарувдаги ноаниқлик ва самарасизликка сабаб бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир масалага идоравий манфаатлар юзасидан эмас, балки қандай қилсак маъмурий бошқарув самарадорлиги ва натижадорлигига, халқ розилигига эришамиз, деган нуқтаи назардан ёндашиш талаб этилади.
Еттинчидан, функционал вазифалар таҳлилини амалга оширишда давлат ва нодавлат сектор аниқлаб олингач, кейинги энг муҳим жиҳат бу маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ва марказий бошқарувнинг ўзаро олтин мувозанатини аниқлаб олишда намоён бўлади.
Япония тажрибасида префектура ёки шаҳар, бизнинг тилимиз билан айтилганда эса вилоятлар ва туман (шаҳар)лар кесимида мактабгача таълим, ўрта таълим, тиббиёт, полиция ва жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, йўл қурилиши ва коммунал хизматларни кўрсатиш, архитектура ва қурилиш ва бошқа бир қатор соҳалар маҳаллий даражадаги бошқарувга ишониб топширилган. Ушбу масалалар юзасидан марказий вазирлик ва идоралар мавжуд эмас.
Бунинг асосий мезони шундаки, уларни маҳаллий даражада маҳаллий шарт-шароитлардан, ўзига хосликлардан келиб чиқиб тезкор ҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Шунинг учун ушбу масалалар давлат (марказий) даражасида кўриб чиқилмайди ва марказий даражадаги тегишли вазирлик ва идоралар ҳам қисқартирилган.
Республика даражасида қолдирилиши керак бўлган соҳалар сифатида эса қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин. Мисол учун, функционал вазифалари ўхшаш бўлган прокуратура ва адлия органларини бирлаштирган ҳолда Адлия вазирлигини қайта ташкил этиш ҳамда нотариат, адвокатурани бошқаришга оид функцияларни Адлия вазирлигидан олиб ташлаш, Ташқи ишлар вазирлигини қолдириш, Мудофаа вазирлигини қолдириш, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ўз ичига статистика, саноат сиёсатини юритиш, савдони, Молия вазирлиги ўз таркибига солиқ ва божхонани қамраб олиши мумкин.
Фикримизча, биргина мақола доирасида Ўзбекистондаги маъмурий ислоҳотларнинг барча жиҳатларини қамраб олиш имконсиз. Аслида бу масалалар халқаро ва республика даражасидаги илмий-амалий конференцияларда олимлар ва амалиётчи-мутахассислар иштирокида пухта таҳлил қилиниши талаб этилади. Умид қиламизки, яқин кунларда бундай тадбирлар ҳам ўтказилади.
Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазалар амалга оширилган илмий кузатувлар, таҳлиллар натижаси бўлиб, мақола муаллифининг шахсий қарашлари маҳсулидир.
Жўрабек Неъматов,
юридик фанлар доктори, доцент.