Ўзбекистон маданият кунлари доирасидаги учрашув
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Туркияда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари Олимжон Мирзаев ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти бош котиби ўринбосари Билал Чакиджи билан учрашди.
Анқарада бўлиб ўтган мазкур учрашувда ТУРКСОЙга аъзо давлатларнинг маданий алоқаларини янада мустаҳкамлаш, маданият ва санъатнинг ҳар бир йўналишида ўзаро тажриба алмашишнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари О.Мирзаев бошчилигидаги делегация аъзолари Президент Симфоник оркестрида ҳам бўлди.

Олимжон Мирзаев мазкур оркестрда томошабинлар учун яратилган шароитлар, хусусан, замонавий жиҳозлар, энг сўнгги акустик мосламалар, чироқлар ва оркестр жамоасида мавжуд имкониятлар билан танишиб, муҳим жиҳатларини эътироф этди.

Туркияда Ўзбекистон маданияти кунлари турли учрашув ва мулоқотлар, маданий-маърифий тадбирларга бой бўлмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА