Ўзбекистон – Латвия ҳамкорлиги: Навоий тажрибасига алоҳида эътибор
2026 йил 20-25 апрель кунлари Латвия Республикасининг пойтахти Рига шаҳрида Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари вакиллари учун махсус “Ёзги мактаб” (“Summer School”) дастури ташкил этилди. Тадбирда бир гуруҳ навоийликлар ҳам иштирок этди. Навоий вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзоси, “Ноила” мониторинг маркази таъсисчиси Мансур Ҳамидов мухбиримиз билан сафар таассуротларини ўртоқлашди:
– Мазкур халқаро дастур “Transparency International Latvia”, Латвия Республикасининг Марказий молия ва контракт агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида амалга оширилди. Лойиҳа Европа Иттифоқи ва Германия Федерал иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштирилди.
Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳаллий экспертлар иштирок этди.

Дастур давомида қатор ташкилотлар билан учрашув ва мулоқотлар ўтказилди. Жумладан, “Transparency International Latvia”, Латвия Марказий молия ва контракт агентлиги, Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси (KNAB), Латвия Фуқаролик альянси ва бир қатор маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқотлар бўлиб ўтди.
Латвия Коррупцияга қарши курашиш бюроси вакиллари томонидан коррупциянинг олдини олиш, давлат харидларида шаффофлик ва жамоатчилик назорати механизмлари тақдим этилди.

“Transparency International Latvia” ва Латвия Фуқаролик альянси билан учрашувларда эса ННТларни қўллаб-қувватлаш, грант тизими ва жамоатчилик иштироки муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси томонидан Навоий вилояти ҳақида тайёрланган китоб-альбом латвиялик ҳамкорларга тақдим этилди.

Мулоқотлар жараёнида Кулдига муниципалитети ижроия директори Римантс Сафоновс Навоий вилоятига ташриф буюриш ва “Навоий тажрибаси”ни ўрганиш нияти борлигини билдирди. Шунингдек, Латвия томони минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини таъкидлади.
Ёзги мактаб якунлари бўйича кўплаб амалий натижаларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон ва Латвия ўртасида фуқаролик жамияти соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, эксперт алмашинувини давом эттириш, янги қўшма ташаббус ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, янги қўшма ташаббуслар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёргарлик ҳамда коррупциянинг олдини олиш борасида “Навоий тажрибаси”га алоҳида қизиқиш билдирилди.

Рига шаҳрида ўтказилган мазкур халқаро дастур Ўзбекистон – Латвия ўртасида коррупцияга қарши кураш сиёсати ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида амалий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Энг муҳим натижалардан бири “Навоий тажрибаси”ни шакллантириш учун халқаро институционал ва эксперт асосларнинг мустаҳкамланиши бўлди.
Суҳбатни ЎзА мухбири Абдували Бўриев ёзиб олди