Ўзбекистон – Кувайт: ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
“KuNA” ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Кувайт молия вазири, иқтисодий ишлар ва инвестиция бўйича давлат вазири Нура Сулаймон Ал-Фассом билан учрашганини ёритди.
Мақолада меҳмон делегация таркибида мазкур давлатнинг Тошкентдаги элчихонаси вакили Холид Ал-Мутайрат, шунингдек Молия, Ташқи ишлар вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Инвестиция бошқармаси ҳамда Араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси вакиллари ҳам учрашувда иштирок этгани таъкидланган.
Муаллиф ўзаро инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали шериклик кўламини кенгайтиришга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокамасига эътибор қаратган.

Томонлар иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш мақсадида асосий тармоқлар, жумладан “яшил” энергетика соҳасида стартап лойиҳаларни илгари суришдан манфаатдорлигини билдирди.
Давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш имконияти ҳамда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.
Нура Сулаймон Ал-Фассом Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш ва инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини юқори баҳолаган. Айни жараён Қувайт ишбилармонларининг диёримизга ишончи ошишига мустаҳкам замин яратаётганини эътироф этган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА