Ўзбекистон критик минераллар бўйича глобал саноат ҳамжамиятига кирди
Бугунги глобал иқтисодиётда критик минераллар стратегик ресурс сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда. Электр транспорт воситалари, ярим ўтказгичлар, мудофаа саноати, яшил энергетика ҳамда юқори технологиялар ривожи ушбу металларга бўлган талабни кескин оширмоқда. Шу жараёнда Ўзбекистон ҳам глобал критик минераллар саноатининг муҳим иштирокчиларидан бири сифатида халқаро майдондаги позициясини мустаҳкамлаб бормоқда.
Хусусан, мамлакатимиз дунёнинг критик металлар бозори бўйича энг нуфузли халқаро саноат уюшмаларидан бири — Minor Metals Trade Association (MMTA) нинг Марказий Осиё бўйича ягона тўлақонли аъзосига айланди. 1973 йилда ташкил этилган MMTA бугунги кунда критик хомашё ресурслари, юқори технологик металлар ва стратегик глобал таъминот занжирлари бўйича дунёнинг энг йирик профессионал платформаларидан бири ҳисобланади. Уюшма халқаро савдо стандартлари, саноат этикаси, глобал нетвөркинг ҳамда стратегик ҳамкорлик механизмларини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Айни пайтда MMTA аъзолари қаторидан дунёнинг етакчи металлургия, трейдинг, қайта ишлаш ва юқори технологиялар компаниялари ўрин олган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда критик минераллар соҳасида 70 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) томонидан амалга оширилмоқда. ТМКнинг MMTA каби нуфузли халқаро платформага қўшилиши комбинат олдида глобал бозорлар билан тўғридан-тўғри интеграциялашиш, стратегик инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор технологиялар трансферини жадаллаштириш каби янги имкониятларни очади. Шу билан бирга, бу аъзолик замонавий ишлаб чиқариш ечимларини жорий этиш ҳамда халқаро таъминот занжири (supply chain) тизимларида фаол иштирок этишга хизмат қилади.
Мутахассислар фикрича, критик минераллар бозори нафақат ресурслар, балки қайта ишлаш технологиялари, ишлаб чиқариш компетенцияси ва барқарор таъминот занжирлари асосида шаклланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг MMTA га аъзолиги мамлакатимизнинг хомашё экспортчисидан юқори қўшилган қийматли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатга айланиш стратегиясини қўллаб-қувватловчи муҳим омилдир.
Мазкур аъзолик экспорт географиясини кенгайтириш, халқаро инвесторлар ишончини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг глобал критик минераллар харитасидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бугунги кунда Ўзбекистон технологик металлар комбинати “кон-металл-бозор” тамойили асосида критик минералларни қазиб олишдан тортиб, уларни чуқур қайта ишлаш ва глобал бозорларга етказиб беришгача бўлган ягона саноат экотизимини шакллантирмоқда.
ЎзА