Ўзбекистон-Иордания: таълимдаги ҳамкорлик
Айни кунларда Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Бухоро давлат педагогика институти, Педагогик маҳорат маркази вакиллари ҳамда вилоятнинг илғор ўқитувчиларидан иборат делегация Иордания давлатида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Сафар давомида педагогларимиз таълим жараёнларига STEAM (Science, Technology, Engineering, Art, Mathematics) ёндашувини жорий этиш, ўқув жараёнида замонавий инновацион методларни қўллаш бўйича тренингларда иштирок этиш билан бир қаторда Иорданиянинг етакчи таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишмоқда.

Учрашувлар давомида Бухоро вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан Ҳошимийлар Қироллигида жойлашган Queen Rania Teacher Academy ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларининг аниқ, табиий фанлар, бошланғич таълим ва хорижий тиллар ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилиб, бепул онлайн ўқувлар ташкил этилади. Ушбу машғулотларни “Queen Rania Teacher Academy” мутахассислари олиб боради.

Ҳамкорлик доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши режалаштирилган. Тадбир доирасида икки давлат педагоглари томонидан тайёрланган энг яхши мақола, маъруза ва тақдимотлар тўплами китоб ҳолида чоп этилади.

Шунингдек, Бухоро вилоятидан икки нафар ўқитувчи “Queen Rania Teacher Academy”нинг 9 ой давом этадиган, қиймати 3 000 АҚШ доллари бўлган касбий малака ошириш курсларида бепул таҳсил олиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу меморандум вилоят таълим тизимини халқаро миқёсда ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўқитувчилар малакасини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
Зариф Комилов, ЎзА