Ўзбекистон илм-фанида хотин-қизларнинг ўрни
БМТ Бош Ассамблeяси томонидан қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар» тўғрисидаги рeзолюцияда 11 фeвраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни, деб эълон қилинган.
Бу аёллар ва қизларнинг илм-фан билан тўлақонли фойдаланишларига тенг имкониятлар яратиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтган йили эълон қилинган “Олима аёллар” ташаббускор илмий лойиҳалар танлови ҳам айнан хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.
Мазкур танлов натижаларига кўра, ҳозирги кунда жами 8 миллиард 467,5 миллион сўмлик 16 лойиҳа молиялаштирилди.
2020 йил 1 июндан 1 сентябргача БМТнинг Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Швеция элчихонаси кўмагида Ўзбекистон олима аёллари учун илмий-тадқиқот фаолият сифатини ошириш ва халқаро журналларда илмий мақолаларни нашр этиш маҳоратини ошириш бўйича тренинглар ўтказилди.
Тренингларда қатнашиш учун танлов доирасида 250 дан ортиқ аризалар келиб тушди, улардан 51 киши танлаб олинди. Тренинг ва семинарлар илм-фан соҳасидаги ютуқлари учун уч маротаба Scopus мукофоти совриндори, иқтисодчи-олим Рауф Салахўжаев томонидан олиб борилди.
Жорий йил 23 январь куни Инновацион ривожланиш вазирлигида қизлар учун энг йирик халқаро технологик танлов – Technovation Girls Uzbekistan дастурининг янги мавсуми очилди.
Ҳозирда Technovation Girls Uzbekistan дастури бўйича қизлар таълим олмоқда. 3 ой давом этадиган машғулотлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида онлайн тарзда ўтказилмоқда.
Стартап лойиҳалар танловлари ҳамда хорижий давлатларга стажировкага юборилаётган ёш олимлар орасида ҳам аёл ва қизларнинг сонини кўпайтириш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Назокат Абдуқундузова,
Инновацион ривожланиш вазирлиги
Ахборот хизмати раҳбари.
ЎзА