Ўзбекистон илк бор ЕОИК Кенгаши йиғилишида иштирок этди
Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕОИК) Кенгашининг жорий йил 29 январь куни видеоконференция шаклида ўтказилган навбатдаги йиғилишида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)да кузатувчи мақомини олган мамлакат - Ўзбекистон вакили сифатида биринчи марта мамлакатимиз номидан Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этди.
Шу хусусдаги тегишли қарор 2020 йил 11 декабрда Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида қабул қилинган эди.

ЕОИК йиғилишида Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Алихан Смаилов, Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук, Қирғизистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчиси Артём Новиков, Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Игорь Петришенко, Арманистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян ва ЕОИК Кенгаши раиси Михаил Мясникович қатнашди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз чиқиши орқали кузатувчи мамлакат мақомидаги Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасидаги шерикликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бири манфаатини ҳисобга олиш тамойили асосида конструктив ҳамкорлик ўрнатиш аҳамияти қайд этилди.

Йиғилиш кун тартибига савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперацияси билан боғлиқ кенг кўламли масалалар киритилди. Машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика, қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоиз, ўтган тўрт йил мобайнида Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 75 фоиз ўсди, бугунги кунда мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг 30 фоиздан ортиғи ЕОИИ давлатларига тўғри келади.
ЎзА