Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Беларусга ташрифига доир
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йил 20 июнь куни Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченконинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Минск шаҳрига ташриф буюрди.
Беларусь Ўзбекистоннинг ишончли савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб келмоқда.
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг 2018 йилда мамлакатимизга ташрифи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни юқори даражага олиб чиқди, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини очди. Шу билан бирга Ҳукуматлар зиммасига эришилган келишувлар ижросини таъминлаш ҳамда ҳамкорликнинг ижобий динамикасини ошириш вазифаси қўйилди.
[gallery-7642]
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб беш баробар ўсди. Бунда бир неча йил ичида қўшма корхоналар сони уч баробар ортгани муҳим омил бўлди.
Пандемияга қарамай, 2021 йил савдо ҳажми 44 фоиз ортди, жорий йилнинг беш ойи якунига кўра, ўсиш давом этиб, 55 фоизни ташкил этди.
Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва мутаносиблигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, транспорт, таълим, маданий-гуманитар, туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Музокара якунида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича икки мамлакат ҳукуматлари томонидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Беларусь Республикасига ташриф доирасида мамлакатимиз делегацияси аъзолари “Юқори технологиялар парки маъмурияти” давлат муассасаси, “АМКОДОР” муҳандислик компанияси фаолияти билан танишди.
Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА