Ўзбекистон ХМТ халқаро стандартларига риоя этилишини таъминлашда барқарор ютуқларга эришмоқда
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори Питер ван Рой билан учрашди.
Мулоқот давомида кейинги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқот механизмларини мустаҳкамлаш ва халқаро меҳнат стандартларига риоя этилишини таъминлаш борасида барқарор ютуқларга эришилгани қайд этилди.

Томонлар Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, меҳнат, бандлик ва ижтимоий шериклик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини муҳокама қилди.
2026-2030 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича фикр алмашилди.

Меҳнат бозорини ривожлантириш, бандлик сифатини ошириш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.
Меҳнат муносабатлари соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида конструктив ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим экани таъкидланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА