Ўзбекистон – Германия: тоғ-кон соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади
Тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов ҳамда Германиянинг "Mangold Consulting GmbH" компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик мазкур тармоқнинг ривожида муҳим аҳамият касб этиши, айниқса илмий-тадқиқот ва академик алмашинувлар соҳасидаги ҳамкорликка кенг йўл очаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, Фрайберг кончилик академияси ҳамда Геология фанлари университети ўртасидаги ҳамкорлик самаралари ҳам таҳлил этилди.
Қайд этилишича, "Mangold Consulting GmbH" Германияда фаолият юритувчи консалтинг компанияси бўлиб, у саноат, инвестиция ва халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда инфратузилма ва стратегик соҳаларда маслаҳат хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. Айниқса, у тоғ-кон ва геология соҳасидаги йирик лойиҳаларни ривожлантириш, халқаро таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш йўналишларида фаоллик кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, учрашувда V Тошкент халқаро инвестиция форумнинг аҳамияти, тоғ-кон саноати ва геология соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Геология фанлари университети ва Фрайберг кончилик академияси ўртасидаги талабалар алмашинуви дастурлари ва амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларни изчил давом эттириш юзасидан келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА