Ўзбекистон – Финландия ҳамкорлиги
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Финландия ташқи ишлар вазирлиги департаменти Бош директори М.Лиивала билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбир давомида савдо, энергетика, тўқимачилик саноати, АКТ ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Ўзбекистон – Финландия ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Финландия томони Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасининг маслаҳат қўмитаси ишида фаол иштирокини давом эттиришини билдирди. Шунингдек, Финландиянинг бир қатор донор ташкилотлари, молия институтлари ва хусусий компанияларидан қўшимча маблағ жалб этишга тайёрлиги қайд этилди.

Ўзбекистон томонининг ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишини рағбатлантириш, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш мақсадида Ўзбекистон ва Финландияда халқаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш таклифи қизиқиш билан қабул қилинди.
Учрашув якунида яқин келажакда бўлиб ўтадиган иқтисодий, саноат, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форум доирасида муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
ЎзА