Ўзбекистон Фанлар академияси Осиё илмий фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказга айланади
Хитойдаги нуфузли форумда бу ҳақда муҳим қарор қабул қилинди
Хитой Халқ Республикасида ўтказилаётган Осиё Фанлар академияси (ОФА) Бош ассамблеяси ҳамда «Бир макон, бир йўл: умумий илмий-технологик келажакни шакллантириш» мавзусидаги Биринчи Осиё юқори даражадаги илмий форумида Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этмоқда. Ушбу нуфузли халқаро тадбирлар қитъамизнинг етакчи олимлари, илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда фанлар академиялари раҳбарларини бир маконга жамлаб, глобал илмий ҳамкорликнинг янги стратегик босқичини бошлаб берди.
Биз учун аҳамиятлиси, делегатларнинг бир овоздан қабул қилган қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига Осиё Фанлар академияси билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақоми ва ваколати берилди.
Бу ҳақда Академия матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланганидек, мазкур тарихий қарор мамлакатимизнинг халқаро илмий майдондаги нуфузини янада юксалтириб, қитъа миқёсидаги институционал алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзбекистонлик олимларнинг глобал лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда қўшма илмий-тадқиқотларни жадал ривожлантириш учун улкан имкониятлар эшигини очади.

Бош ассамблеянинг ялпи мажлисида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Ш.Айюпов мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар илм-фаннинг рақобатбардошлигини ошириш, миллий илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга самарали жорий этишда муҳим пойдевор бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бугунги кунда дунё юз тутаётган глобал муаммоларни муваффақиятли ҳал этиш фақатгина фундаментал фан, амалий тадқиқотлар ва илғор технологияларнинг ўзаро чамбарчас интеграцияси орқали амалга ошиши қайд этилди.
Анжуманда халқаро илмий ҳамкорликнинг устувор ва кечиктириб бўлмайдиган йўналишлари сифатида иқлим ўзгаришига қарши курашиш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, замонавий биотехнологиялар, сунъий интеллект, сейсмик хавфсизлик ҳамда табиий офатлар хавфини камайтириш масалалари белгилаб берилди. Айниқса, сунъий интеллект технологияларидан масъулиятли фойдаланиш, илмий инфратузилмаларни тубдан модернизация қилиш ҳамда иқтидорли ёш олимлар учун кенг халқаро имкониятлар яратиш мавзулари барчанинг диққат марказида бўлди.
Тадбир давомида минтақавий ва халқаро амалий ҳамкорликни янада кучайтириш борасида қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, қўшма илмий-тадқиқотларни кенгайтириш, академик мобилликни кучайтириш ва ёш тадқиқотчиларнинг йирик халқаро илмий лойиҳалардаги иштирокини ошириш таклиф этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг келгусидаги асосий мақсади — эришилган улкан келишувларни мамлакатимиз жамияти ва иқтисодиётининг реал эҳтиёжларига хизмат қиладиган амалий ечимлар, инновацион ютуқлар ва самарали лойиҳаларга айлантиришдан иборат.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА