Ўзбекистон – Европа муносабатлари ЎзА нигоҳида
Ўзбекистон ва Европа минтақаси ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч, умумий манфаатлар ва узоқ муддатли стратегик шериклик тамойилига асосланган. Мазкур жараён нафақат иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, балки минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, глобал муаммоларни биргаликда ҳал этишда ҳам муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан ўлкамиз ва Европа давлатлари ўртасидаги муносабатни таҳлил қилиш, мавзунинг асосий йўналишлари ва истиқболини ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга.
Парламент дипломатияси ва демократик ҳамкорлик ривожланмоқда

Швециянинг Стокгольм шаҳрида Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Нуримбетов Демократия ва сайловларга кўмаклашиш халқаро институти (International IDEA) бош котиби Кевин Касас-Самора билан учрашди. Ўзаро мулоқот чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламентаризм ва демократик институтлар ролининг ортиб бораётгани ҳамда бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар “Inter Pares” дастури доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма ташаббусларни қайд этиб, “Марказий Осиё – Шимолий Европа” форматида парламентлараро алмашинувни йўлга қўйиш истиқболларини кўриб чиқдилар. Учрашув якунида парламент дипломатиясини ривожлантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тинчликни илгари суришга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Сув ресурсларини бошқаришдаги янгича ёндашувлар эътироф этилмоқда

Венгриянинг “Daily News Hungary” нашрида Ўзбекистонда замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этиш, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усуллари кенг қўлланилаётгани қайд этилган.
Мақолада “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида 2028 йилга қадар 3,5 миллион гектар ерда шундай технологияларни жорий этиш режалаштирилгани таъкидланиб, бу жараён ўлкада сувдан оқилона фойдаланишда янги босқични бошлаб бераётгани алоҳида тилга олинган.
Ўзбек болалар адабиёти халқаро майдонда кенг тарғиб этилмоқда

Берлин шаҳрида ўтказилган II халқаро болалар китоб ярмаркасида Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ўзбек болалар адабиёти кенг намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Таъкидланишича, “Келажакни бирга қурамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда 30 дан ортиқ мамлакат иштирок этган. Ярмарка доирасида “Хўжа Насриддиннинг қувноқ латифалари” китоби тақдимоти, интерактив мутолаа дастурлари ва маданий чиқишлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Эътиборлиси, йиғин ўзбек адабиётини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, янги ҳамкорликларни йўлга қўйиш ва Германиядаги ватандошлар фарзандларини она тилидаги китоблар билан таништиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон-Чехия: саноат инвестициялари бўйича янги келишувлар имзоланди

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов бошчилигидаги делегациянинг Чехия Республикасига ташрифи доирасида ҳукумат ва йирик компаниялар раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Учрашувларда машинасозлик, геология ва тоғ-кон саноати, кимё ва фармацевтика, энергетика соҳалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Томонлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш, кадрлар тайёрлаш ва энергия тежамкорлигини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари бўйича келишиб олдилар. Шунингдек, молиялаштиришни кенгайтириш, кооперацияни ривожлантириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди. Айни пайтда юртимизда Чехия сармояси иштирокида 44 та корхона фаолият юритмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА