Ўзбекистон делегацияси Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеясида иштирок этмоқда
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси айни кунларда Истанбул шаҳрида ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 152-ассамблеясида иштирок этмоқда.
Мазкур нуфузли анжуман бу гал “Келажак авлодлар манфаатлари йўлида ишончни мустаҳкамлаш, барқарор тинчликни таъминлаш ва адолатни қарор топтириш” мавзусига бағишланган бўлиб, унда глобал аҳамиятга эга масалалар муҳокама қилинади.
Ташриф доирасида делегация аъзолари бир қатор муҳим мулоқот ва форумларда қатнашиши режалаштирилган. Парламент аёл аъзолари форуми, Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғининг 5-конференцияси ҳамда Ёш парламент аъзолари форуми шулар жумласидан.
Шу билан бирга, Ўзбекистон делегациясининг парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган икки томонлама учрашувлари ўтказилади.
Н.Абдураимова, ЎзА