Ўзбекистон делегацияси МДҲнинг уруғчилик бўйича 27-йиғилишида иштирок этди
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим ўзгаришлари даврида МДҲ давлатлари Авазада уруғчилик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича музокаралар ўтказди. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ютуқлари алоҳида эътироф этилди.
Жорий йилнинг 6–8 октябрь кунлари Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг уруғчилик масалалари бўйича Ҳукуматлараро мувофиқлаштирувчи кенгашининг 27-йиғилиши ҳамда халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Йиғилишда МДҲ давлатлари ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, селекция ва замонавий уруғчилик тизимларини такомиллаштириш, 2027–2028 йилларга мўлжалланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва кўчатларини давлатлараро ихтисослаштириш ҳамда етказиб бериш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, иқлим ўзгаришига мослашиш, қурғоқчилик ва касалликларга чидамли, юқори ҳосилдор навларни яратиш ва жорий этиш, уруғчилик соҳасини рақамлаштириш ҳамда сифат назоратини кучайтириш бўйича илғор тажрибалар юзасидан фикр алмашилди.

Тадбирда МДҲ доирасида уруғчилик ва селекция соҳасидаги давлатлараро интеграцияни мустаҳкамлаш, миллий уруғчилик тизимларини ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан уруғчилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси эътироф этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг аграр ривожланиш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниевга уруғчилик соҳасидаги давлатлараро алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун МДҲ Ҳукуматлараро мувофиқлаштирувчи кенгашининг Фахрий ёрлиғи топширилди.

Шу билан бирга, учрашувларда юқори ҳосилдор қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экспорт қилиш, янги навларни ўзаро синовдан ўтказиш, илғор тажрибаларни алмашиш, қўшма лойиҳалар ва тажриба майдонларини ташкил этиш каби амалий йўналишлар муҳокама этилди. Тадбир доирасида Ш.Ғаниев томонидан қуйидаги муҳим икки томонлама учрашувлар ўтказилди: Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Тангригули Атахаллиев билан юқори ҳосилдор қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини экспорт қилиш, янги навларни ўзаро синовларини ташкил этиш ва соҳага оид илғор тажрибаларни алмашиш масалалари муҳокама этилди;

Тожикистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зиёзода Сулаймон Ризойи билан уруғчилик соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий механизмлари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида эришилган ютуқлар ҳамда янги агротехнологияларни Тожикистонга трансфер этиш масалалари келишиб олинди.

Шунингдек, «Uzbek seeds» миллий бренди остида маҳаллий уруғлик материаллари экспортини кенгайтириш, уруғчилик тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва соҳада рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш истиқболлари муҳокама этилди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА