Ўзбекистон делегацияси АЭХАнинг 70-Бош конференциясида иштирок этмоқда
Кеча, яъни 14 сентябрь куни Вена халқаро марказида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)нинг 70-Бош конференцияси ўз ишини бошлади. 18 сентябрга қадар давом этадиган юбилей конференциясида агентликка аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳа экспертлари иштирок этмоқда.
Бундан 70 йил аввал, 1957 йилда айнан биринчи Бош конференция ўтказилиб, АЭХАнинг тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги халқаро фаолиятига асос солинган эди. Жорий юбилей конференциясида агентликнинг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоб қилиниши билан бирга, ядровий энергетика, хавфсизлик, кафолатлар ва гуманитар дастурларнинг келгуси устувор йўналишлари муҳокама қилинмоқда.
Конференциянинг илк кунида Аргентинанинг Венадаги халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили ва элчиси Густаво Родольфо Злаувинен Бош конференция президенти этиб сайланди. Конференция ишини АЭХА Бош директори Рафаэль Гросси ўзининг дастурий маърузаси билан очиб берди.
Конференцияда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Делегация таркибидан “Ўзатом” агентлиги бош директори Азим Аҳмедхўжаев, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов, Ядро физикаси институти директори ўринбосари Фахрулла Кнугуров, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “АЭС қурилиши дирекцияси” ва бошқа ташкилотлар вакиллари ўрин олган.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон делегацияси раҳбари, “Ўзатом” агентлиги бош директори Азим Аҳмедхўжаев маъруза қилди. Унда мамлакатимизнинг АЭХА билан ҳамкорлиги доирасида ядровий инфратузилмани ривожлантириш, ядро тиббиётини кенгайтириш, тадқиқот реакторларидан хавфсиз фойдаланиш, шунингдек, ўқув ва лаборатория базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Ўзбекистон минтақадаги биринчи атом электр станцияси лойиҳасини амалга оширишга киришди. Жорий йилнинг 4 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев шафелигида ва АЭХА Бош директори Рафаэль Гросси иштирокида Жиззах вилоятида станция қурилиши учун “биринчи бетон” қуйиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистоннинг АЭХА билан ҳамкорлиги доирасида ядро энергетикаси билан бир қаторда ядро тиббиёти, тадқиқот реакторларидан хавфсиз фойдаланиш, мутахассислар тайёрлаш ва лаборатория базасини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Конференция доирасида Ўзбекистон делегациясининг АЭХА раҳбарияти ва хорижий ҳамкасблари билан қатор учрашувлари ўтказилади. Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ахборот хизматига кўра, Бош конференция доирасида қўмита раиси Абдуваққос Рафиқовнинг хорижий ҳамкасблари билан икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтади. Мулоқотларда радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш, атом энергетикасини тартибга солиш ва назорат механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, соҳада халқаро тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматининг маълумот беришича, Ўзбекистоннинг АЭХА билан ҳамкорлиги доирасида амалга оширилаётган ишлар халқаро баҳолаш миссиялари асосида ҳам мунтазам ўрганиб борилмоқда. Жумладан, 22-26 июнь кунлари мамлакатимизда АЭХА кузатув миссияси иш олиб бориб, соҳа ривожи, қонунчиликни янгилаш ҳамда 2021 йилда берилган тавсияларни амалга ошириш борасида эришилган ютуқларни қайд этди.
Агентлик хулосаларига кўра, Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш, қонунчиликни модернизация қилиш ва яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали 2021 йилда берилган тавсияларни амалга оширишда сезиларли натижаларга эришган.
Айни пайтда Ўзбекистон Президенти ва АЭХА Бош директори ўртасида эришилган келишувларни ривожлантириш мақсадида “Йўл харитаси”, “Мамлакат учун ҳадли дастур” ва “Комплекс иш режаси” доирасида ишлар олиб борилмоқда.
Умуман олганда, АЭХАнинг 70-Бош конференцияси атом энергетикасидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, ядровий ва радиация хавфсизлигини таъминлаш, халқаро кафолатларни мустаҳкамлаш ҳамда соҳадаги илғор тажриба ва технологияларни кенг жорий этиш бўйича давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА