Ўзбекистон – Чехия: маърифий ҳамкорлик тобора кенгаймоқда
Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Лубомир Фрэборт ҳамда “Petrof Group” компанияси Президенти Сузана Петроф Ўзбекистон давлат консерваториясига ташриф буюрди.
Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори Камолиддин Ўринбоев меҳмонлар билан учрашиб, Чехия Республикасининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, таълим тизими борасида тажриба алмашиш, илмий тадқиқот фаолияти борасида ҳамкорлик қилиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар учун қўшма дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш каби масалаларни муҳокама қилди.

Шунингдек, ижрочилик борасида профессионал кадрларни тайёрлашда “Petrof Group” компанияси билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Айтиш керакки, “Petrof Group” компаниясига 1864 йилда асос солинган бўлиб, компания мусиқа чолғулари, жумладан, пианино ва роял ишлаб чиқарувчи дунёнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади.
Элчи Лубомир Фрэборт икки томонлама ҳамкорлик келгусида Ўзбекистон – Чехия ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди.

Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистон давлат консерваториясининг Мусиқа чолғулари музейи фаолияти ва ундаги экспонатлар билан танишиб, сўнгра, ёш ижодкорлар иштирокидаги концерт дастурини томоша қилди.
Мазкур учрашувлар юқори малакали кадрларни тайёрлашга, таълим жараёнларини замонавий ечимлар асосида янада ривожлантиришга, талабалар учун илмий ва ижодий изланишда янги имкониятлар яратилишига, ижодий изланишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА