Ўзбекистон бўйича уй-жой савдоси ҳажмида ўсиш кузатилди
Ўзбекистонда уй-жой сотиб олувчилар сони сезиларли даражада кўпайди.
Март ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозорида кескин фаоллик кузатилиб, уй-жой олди-сотди битимлари сони февраль ойига нисбатан 47 фоизга ошди ва 43,6 мингтани ташкил этди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда икки баравар кўп демакдир. Бундай ўсишга қисман апрель ойидан бошлаб жорий этилган янги ҳисоб-китоб тартиби сабаб бўлган бўлиши мумкин, чунки харидорлар харидни тезроқ расмийлаштиришга ҳаракат қилишган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Жиззах (73,2%), Сирдарё (64,6%) ва Наманган (63%) вилоятларида қайд этилган бўлса, бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаоллик 40–50 фоиз атрофида бўлди.
Нархлар конъюнктурасига тўхталадиган бўлсак, республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар бир йилда ўртача 10 фоизга кўтарилган. Бу борада Сирдарё (22%), Самарқанд (18,7%) ва Андижон (17,6%) вилоятлари етакчилик қилмоқда.
Пойтахт Тошкентда эса янги уйлар бозоридаги нарх ўсиши (8,8%) иккиламчи бозорга (5%) қараганда анча тезроқ бормоқда. Хусусан, Мирзо Улуғбек ва Миробод туманларида янги қурилган уйларнинг квадрат метри учун нархлар қарийб 15 фоизга қимматлашган. Ижара бозорида ҳам юқори ўсиш кузатилиб, Тошкентда ижара нархи ўртача 10,8 фоизга ошди ва ҳар бир квадрат метр учун 8,9 долларни ташкил этди.
Энг қиммат ижара нархлари пойтахтнинг марказий туманларида сақланиб қолмоқда, энг юқори йиллик ўсиш эса Яшнобод туманида қайд этилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА