Ўзбекистон болалар саратонига қарши кураш бўйича глобал платформага қўшилди
“Ўғлим Раҳматхўжа энди етти ёшга тўлаётган вақти юришида муаммо пайдо бўлди: оёғи қалтираб, тез-тез йиқиладиган бўлиб қолди. Ҳаммамиз хавотирга тушдик. Қувватсизликдан бўлса керак, деб ўйлаб, докторга олиб бордик. Невропатолог чуқурроқ текширтиришни маслаҳат берди. МРТ мутахассисси эса бош мия саратони – медуллобластома ташхисини қўйди. Бундай ҳолатда дори-дармон учун маблағни аямас экансиз. Фақат зарур препарат топилса бўлди, деган хаёл билан юрамиз. Бу оғир хасталикни даволаш учун хориждан дори-дармон олиб келинаётгани кўпчиликнинг жонига оро киряпти: қидириб юрмайсиз, вақтдан ютасиз, маънавий жиҳатдан ҳам ёрдам...”
Бу гаплар тошкентлик саратон билан курашаётган болакай – Раҳматхўжанинг онасига тегишли.
Дарҳақиқат, саратон ташхиси ҳар қандай оила учун оғир синов. Бу касаллик билан курашиш – машаққат, даволаниш жараёнида дори-дармон топиш эса қўшимча ташвиш, қийинчилик келтириб чиқаради. Айниқса ота-онага дилбанди шу дарддан азият чекаётганини кўриш азоб. Бундай пайтда оилага ҳар томонлама кўмак зарур.

Шу боис мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурлари доирасида болаларга онкологик, гематологик ва иммунологик ёрдам кўрсатишни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилиб, муассасада кадрлар салоҳиятини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда беморлар учун қулай шарт-шароит яратиш, зарур дори-дармон таъминотини яхшилаш чора-тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясида онкологик касаллик ортидан юз берадиган эрта ўлим ҳолатини 2,5 баробар қисқартириш вазифаси белгиланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг болалар саратонига қарши курашиш бўйича глобал ташаббусида иштирок этиш доирасида 2030 йилгача онкологик касалликларга чалинган болаларнинг омон қолиш даражасини 60 фоизга етказиш мақсад қилинган.
2024 йил майда “Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази сифатида қайта номланди. Марказ ҳузурида Онкологик ёки гематологик касалликка чалинган болаларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилди.

– Биз учун ҳар бир боланинг ҳаёти қадрли, – дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. – Уларнинг келажаги учун бор имкониятни ишга соляпмиз. Глобал платформа орқали дори-дармон етказиляпти, энди ота-оналар дори кечикишидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Ўзбекистон 2024 йил саратон касаллигига чалинган болаларни дори воситалари билан таъминлаш бўйича глобал платформага қўшилган 60 мамлакат қаторидан ўрин олди. Ҳар бир бола ва унинг оиласи учун беқиёс аҳамиятга эга ушбу ташаббус юқори сифатли, ҳаётни сақлаб қолувчи дори воситалари бепул таъминланишини кафолатлаш орқали саратонга чалинган болаларнинг яшаб қолиш имкониятини оширишга қаратилган. Тибий воситаларнинг бола учун хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида Миллий фармакология қўмитаси томонидан қатъий сифат назорати ўрнатилган.
Глобал платформа: Сифатли дори-дармон ва янги имкониятлар
Глобал платформага қўшилиш орқали Ўзбекистон болалар саратонини даволаш учун зарур 40 турдаги муҳим дори воситаларидан бепул фойдаланиш имконига эга бўлди. Бу ота-оналар елкасидаги оғир юкни енгиллаштиради, уларга бор эътиборни фарзанди соғайишига қаратиш имконини беради.
– Зарур дори воситаларини мамлакат бўйлаб самарали етказиб бериш ва қўллаш салоҳиятини кучайтириш мақсадида ЖССТ Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқин ҳамкорлик қилиб, даволаш баённомаларини халқаро стандартга мос равишда такомиллаштириб келмоқда, – дейди ЖССТнинг республикамиздаги ваколатхонаси раҳбари Ашина Халакдин. – Ушбу ташаббус АҚШнинг Сент-Жуд болалар тадқиқот шифохонаси, ЖССТ, БМТ Болалар жамғармаси – UNICEF каби халқаро ҳамкорлар билан бирга амалга ошириляпти. Асосий мақсад – бемор болалар турмуши сифатини яхшилаш. Хорижий ҳамкорлар билан бирга Ўзбекистонда бугун ҳам, келажакда ҳам саратон касаллигига дуч келиши эҳтимоли мавжуд ҳар бир бола учун ишлайдиган барқарор тизим шакллантираётганимиздан фахрланамиз.
Айни жараён ЖССТ томонидан глобал соғлиқни сақлашдаги тенгсизликни камайтириш, миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган муҳим йўналишлардан биридир.
Бу қаерда яшашидан қатъи назар, ҳар бир бола умид туйғусини ҳис қиладиган, соғлом ҳаёт ҳақида орзу қила оладиган келажакдир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг болалар саратонига қарши курашиш бўйича глобал платформага қўшилиши мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида муҳим қадам бўлди. Шу тариқа нафақат бу оғир дардга чалинган болаларни зарур дори воситалари билан ўз вақтида таъминланмоқда, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали даволаш стандарти ҳам такомиллаштириляпти. Мазкур ташаббус ҳар бир боланинг ҳаёти қадрли экани, ҳар бир оила умид қилиш ҳуқуқига эгалигини яна бир бор тасдиқлайди.
Гўзал Сатторова,
ЎзА мухбири