Ўзбекистон – Беларусь: Таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгаяди
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси давлат раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан фан ва технологиялар йўналишидаги ҳамкорлик ўзининг янги даражасига чиқди. Натижада IТ, рақамлаштириш ва илғор технологиялар соҳасидаги кўпгина лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди.
Бундан ташқари, ҳамкорлик доирасида давлатимиз раҳбари маданий-гуманитар маслакдошлик, хусусан, таълим ва туризм соҳаларини ислоҳ қилишда Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлигини мамлакатдаги энг ташаббускор олийгоҳларга академик ва про-мобиль дастурлар кўринишида давом эттириш вазифасини қўйди.
Шу жиҳатдан 6 февраль куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Беларусь техника университети ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Қайд этиш жоизки, ҳамкорлик ўз ичига узоқ йилларга мўлжалланган кўп қиррали ва манфаатли келишувларни қамраб олган. Хусусан, замонавий технологиялар асосида таълим жараёни самарадорлигини ошириш, ўқитувчилар, тадқиқотчилар (докторантлар ва магистрантлар) учун кундузги амалиётларни ташкил этиш, ўқитувчилар, тадқиқотчилар (докторантлар ва магистрантлар) иштирокида қўшма конференциялар, семинарлар, симпозиумлар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар натижаларини маҳаллий ва хорижий илмий журналларда ҳаммуаллифликда чоп этиш, турли ўқув юкламаларни бажариш учун талабалар алмашинуви, шу жумладан, таълим ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, инновацион ва илмий-техникавий соҳаларда тажриба ва иш натижаларини алмашиш, халқаро илмий ва бошқа турли даражадаги ташкилотларнинг интеграциялашувига кўмаклашиш, инновация соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, патентлар трансферини йўлга қўйиш, халқаро илмий-тадқиқот лойиҳалари ва грантларини амалга ошириш белгиланган.
Бундан ташқари, олиб борилган самарали музокаралар натижасида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти битирувчилари Беларусдаги “TexProm”да ўз фаолиятларини бошлаш имкониятига эга бўлди. Бунинг учун уларнинг турар жой ва парвоз учун харажатлари ҳамкор томонидан қоплаб берилишига эришилди.

Институтда Беларусь олий таълим муассасалари билан бундан олдин ҳам қўшма таълим дастурлари тузилган ва самарали ҳамкорлик ўрнатилган. Витебск давлат технология университети билан “Енгил саноат буюмлари конструкциясини ишлаш технологияси (чарм буюмлари технологияси)” таълим йўналиши, сиртқи таълим шакли бўйича қўшма таълим дастури йўлга қўйилган. Ҳозирги пайтда ушбу қўшма таълим дастури асосида институтнинг жами 94 нафар талабаси таҳсил олмоқда.
Университет ректори Игор Войтов институтимиз билан яқиндан танишиш мақсадида олий таълим даргоҳига ташриф буюрди.
И.Войтов билан учрашувда меҳнат муҳофазаси ва экология, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, бошқариш ҳамда чарм ва мўйна саноати билан боғлиқ йўналишларда ҳам ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.

Шунингдек, ташриф жараёнида профессор Игор Войтов институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбат қурди. Унда университет талабаларининг академик салоҳияти, енгил саноат ривожида сунъий интеллектнинг тутган ўрни ҳамда соҳадаги энг сўнгги ислоҳотлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
И.Войтовга ўнга яқин энг замонавий, ўзида япон, немис ва хитой технологияларини мужассамлаштирган илмий ҳамда ўқув дастгоҳлари таништирилди. Институтда яратилган имкониятлар, илмий-академик салоҳият эътироф этилди.
Мартабали меҳмон институтда ташкил этилган қўшма таълим синфлари ҳамда трикотаж маҳсулотларининг тўлиқ кимёвий таркибини таҳлил қиладиган сўнгги русумдаги лабораториялар билан танишди.
Ўйлаймизки, университет билан институтимиз ҳамкорлиги янада ривожланади.
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти матбуот хизмати,
ЎзА