Ўзбекистон-Австрия: таълимдаги ҳамкорлик
Австриянинг Кремс Амалий фанлар университети асосчиси ва кузатув Кенгаши раиси, профессор Хайнс Бойер бошчилигидаги делегация Бухорода вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди.
Самимий ўтган мулоқотда туризм, тадбиркорлик ва талабалар тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик масалалари, шунингдек, қўшма таълим дастури (dual degree program)нинг амалий натижаси, кадрлар тайёрлаш жараёнига халқаро стандартни жорий этиш ҳамда амалиёт дастурларини такомиллаштириш мавзулари муҳокама қилинди.
Шунингдек, таълим сифатини ошириш, рақамли ечим асосида баҳолаш тизимини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар алмашинуви ва халқаро грант лойиҳаларини илгари суриш масалалари ҳам кўтарилди.

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги таълим алоқаларининг мустаҳкамланиши икки мамлакат ёшларини глобал туризмнинг янги босқичларига тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, ўқитувчилар алмашинуви, халқаро грант лойиҳаларида ҳамкорликда иштирок этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини кенгайтириш каби йўналишларда фикр алмашилди.
Хайнс Бойер Бухорода олий таълимга қаратилаётган эътиборни юқори баҳолади. Туризм, тиббиёт соҳаларига халқаро стандартлар бўйича малакали кадрлар етказиб бериш борасида ҳамкорлик юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

-Бухорога иккинчи бор келишим. Бу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарни Европада жуда яхши билишади. Бу ерда азалдан илм-маърифат ривожланган. Айниқса, ҳозирда бу ерга кўплаб сайёҳлар келяпти. Шуни ҳисобга олиб, вилоятда туризм, меҳмонхона хўжалиги ва таълимни бирлаштирган катта лойиҳани режалаштириб турибмиз. Бу дуал таълимга асосланади ва ишончим комил, ҳамкорлигимиз келажакда Бухоро ва Австрия алоқаларида кўприк бўлади, -деди Хайнс Бойер.
Айни вақтда Вена шаҳрида жойлашган Кремс Амалий фанлар университети ҳамда Бухоро давлат университети ўртасида талабалар алмашинуви, қўшма тадқиқот ва академик дастурларни ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ҳамда ўқитувчи кадрлар алмашинуви, умумий манфаатга эга бўлган нашрлар ва илмий материаллар билан алмашиш, талабалар ва битирувчилар учун амалиёт дастурларини ташкил этиш, медиа ва ахборот ресурсларини ишлаб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.