Ўзбекистон – АҚШ: Икки томонлама муносабатларда янги саҳифа (+видео)
Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Айниқса, олий ва юқори даражадаги мулоқотларнинг фаоллашуви икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг Самарқандга ташрифи ушбу муносабатлар ривожида алоҳида аҳамият касб этди. Мазкур ташриф икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, шунингдек, Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш нуқтаи назаридан муҳим воқеа бўлди.
Қўшма Штатлар расмийсининг Самарқандга ташрифи ҳамда унинг доирасида ўтказилган учрашув ва музокараларни ЎзА ҳам ўз саҳифаларида кенг ёритиб борди. Агентликнинг 9 тилда эълон қилинган материалларида ташрифнинг асосий воқеалари, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигининг истиқболлари, “C5+1” форматидаги ҳамкорлик ҳамда экспертларнинг ушбу жараёнларга оид фикр-мулоҳазаларига ўрин берилди.
Ушбу “Юзма-юз плюс” кўрсатувида “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан АҚШ Давлат котибининг Самарқандга ташрифи, унинг сиёсий-дипломатик аҳамияти ҳамда Ўзбекистон – Америка муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида суҳбатлашди.
Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг изчил ривожланаётгани, сиёсий ишонч ва амалий шерикликни мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-логистика ва замонавий технологиялар соҳаларидаги мавжуд имкониятларга эътибор қаратилди.
Ушбу кўрсатувни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
ЎзА