«Ўзбекистон – 2030»: муҳим стратегик йўналишларда ислоҳотлар амалга оширилади
Жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган асосий йўналишлар бўйича ислоҳотларни амалга оширишнинг 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Барча соҳаларни кенг доирада қамраб олган мазкур ҳужжат макроиқтисодий барқарорликни яхшилаш, энергия ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугун Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ўтказилган учрашув ушбу қарорда белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ва унинг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланди.
Қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, халқаро молия институтлари, халқаро ташкилотлар ва консалтинг фирмалари вакиллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Равшан Ғуломов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари –иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва бошқалар мазкур қарорда белгиланган устувор вазифалар 2030 йилда миллий иқтисодиётни ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига киритиш вазифаларига эришиш йўлида муҳим қадам бўлиши ва бу бўйича 2024 йилда амалга ошириладиган ишларни тизимли ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мазкур қарор билан 2024 йилда муҳим стратегик йўналишлардаги ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, бюджет-солиқ сиёсатининг самарадорлигини ошириш ва давлат харидлари тизимини такомиллаштириш, мамлакатда энергетика хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ ва сув хўжалигида ислоҳотларни кучайтириш, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлашни тубдан яхшилаш, телекоммуникация соҳасини ислоҳ қилиш каби йўналишлар шулар жумласидандир.
[gallery-16738]
– Мазкур қарор 10 та йўналишни қамраб олган. Шу сабабли, қарор ўзининг моҳияти билан кенг кўламлидир. Негаки, унда кўплаб қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда. Ушбу ҳужжатнинг муҳокамасида Президентимиз инвесторларни кўпроқ қонунлар қизиқтиришини таъкидлаб, қонунларга асосий эътибор бериш бўйича топшириқ берди. Масалан, «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун 2009 йилда қабул қилинган. Унда ушбу қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бундан ташқари, Ер кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш ҳам бевосита бугунги кун талабларига тўлиқ мосдир. Ўз навбатида, банк тизимини ислоҳ қилиш масаласи жорий йилда «Ўзсаноатқурилишбанк»ни хусусийлаштиришни якунлаш ва «Асакабанк» учун халқаро инвестиция банкини жалб этиш режалари билан диққат марказида бўлиб қолмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар халқаро эксперт ва маслаҳатчилар билан стратегик шериклик асосида тўлдирилиб, Ўзбекистон ислоҳотлари глобал стандартлар ҳамда энг яхши амалиётларга мувофиқлигини таъминлайди, – деди Жамшид Қўчқоров.
Шунингдек, учрашувда Президентимизнинг қарори билан 2024 йилдаги устувор чора-тадбирлар режасининг бугунги кундаги ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Унга кўра, чора-тадбирлар режасида 78 та банд тасдиқланган. 2024 йилда 61 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан, 16 та қонун, 26 та Президент фармон ва қарори, шунингдек, 19 та ҳукумат ҳужжати ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Қарор ижросида ишчи гуруҳлар фаолияти кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, ислоҳотларнинг ҳар бир йўналиши бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳ ва кичик гуруҳлар бюджет ҳамда солиқ сиёсати самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг энергия хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш каби муҳим соҳаларга эътибор қаратиб, вазифаларнинг мақсадли бажарилишини таъминлайди.
– Ўзбекистон Жаҳон банкининг ишончли ҳамкори, – деди Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. – Шу сабабли, бугунги учрашув биз учун жуда муҳим ҳисобланади. Айтиш жоизки, биз бундай ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва 2024 йилда амалга ошириладиган ишларга эътибор қаратамиз. Жараённи тезлаштириш, сифатга эътибор бериш ва халқаро тажрибани олиб келишда кўмак беришга тайёрмиз.
Учрашувда иштирокчилар ислоҳотлар дастури нафақат қонунчиликни янгилашга, балки иқтисодиёт ва жамиятдаги чуқур таркибий ўзгаришларга ҳам қаратилганини ва бунда халқаро ҳамжамиятнинг фаол иштироки муҳим эканини айтиб ўтди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/6OXCN-1IrFs" title="“Oʻzbekiston – 2030”: muhim strategik yoʻnalishlarda islohotlar amalga oshiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, ЎзА