Ўзбек жанг санъати: Мамлакат кубоги қайси жамоаларга насиб этди?
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети мажмуасида ўзбек жанг санъати бўйича мамлакат кубоги мусобақаларининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Дастлабки кунги мусобақаларда 500 нафардан зиёд ёш спортчилар ўз йўналишидаги баҳсларда қатнашган бўлса, кейинги куни ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида кечган мусобақада барча ҳудудлардан келган 800 нафарга яқин спортчилар ўзаро куч синашди.

Мусобақада спортчилар нафақат жисмоний тайёргарлиги, балки тезкор фикрлаши, жасорати ва миллий жанг усулларини пухта эгаллаганини намоён этишди.
Айтиш лозимки, ўзбек жанг санъати шунчаки якка кураш тури эмас, халқимизнинг бой тарихи ва аждодларимиздан мерос жанг усулларини ўзида мужассам этган спорт тури ҳисобланади.
Ота-боболаримиздан авлодларга ўтиб келган ушбу ноёб мерос бугун жисмоний тарбия ва спорт талаблари асосида янада такомиллашиб, замонавий спорт тури сифатида халқаро майдонда ривожланмоқда.

Ўзбекистон кубогининг бу галги беллашувлари мазкур миллий спорт тури юртимизда тобора оммалашиб, янги иқтидорлар ва кучли спортчилар сафини кенгайиб бораётганини кўрсатди.

Ёш спортчиларга, уларнинг ота-оналарига чинакам спорт байрамини туҳфа этган икки кунлик баҳслар якунида умумжамоа ҳисобида Тошкент, Наманган, Самарқанд вилояти жамоалари ёшлар ўртасида совринли ўринларга эга чиқди. Ўсмирлар ўртасида Бухоро, Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси жамоалари юқори ўринларни қўлга киритди.

Катталар иштирокидаги мусобақалар якунида Ўзбекистон кубоги Андижон вилояти жамоасига насиб этди. Кейинги поғоналардан Тошкент шаҳри ва Хоразм вилояти жамоалари жой эгаллади.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорларига медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА