“Ўзбек тили – қалбим таржимони”
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талаба-ёшлар ўртасида “Ўзбек тили – қалбим таржимони” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда.
Тадбирда олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Отабек Маҳкамов ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодир Холбўтаев ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсдаги мавқеини ошириш, тилимиз ва маданиятимизни тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритди.

Шундан сўнг финал босқичининг “Эркин мавзуда бадиий чиқиш” шарти бўйича иштирокчилар томонидан тайёрланган ўзбек тилидаги шеър ва қўшиқлар тингланди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси Ринка Ягане (Япония), 2-ўринга Термиз давлат университети талабаси Эмоди Несар Aҳмад (Aфғонистон), 3-ўринга Тошкент ахборот технологиялари университети талабаси Ванг Чао Юан (Хитой) муносиб топилди.

– Ўзбек тили – жуда бетакрор ва гўзал тил, – деди Ринка Ягане. – Менга бу тил жуда ёқади.
Таъкидлаш жоизки, хорижлик талабаларнинг тилимиз жилосини мадҳ этувчи чиқишлари давлат тилимизга ҳурматнинг ўзига хос ифодаси бўлди.
Танлов ғолиблари пул мукофотлари, фаол иштирокчилар эса сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Усмонова, ЎзА