Ўзбек тили – ўзбек хaлқининг ўзлиги
21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
“Тил – миллатнинг улкан бойлиги ва бебаҳо мулкидир”, дейилади Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунида. Ҳақиқатдан ҳам, ўзбек тили ўзбек халқининг бебаҳо бойлиги, тенгсиз кучга эга бўлган қудратли кучи, тенгсиз тилсимидир.
Оламнинг гултожи бўлган инсонга туҳфа қилинган тил улуғ неъмат ҳисобланади. Филология фанлари доктори, профессор Низомиддин Маҳмудов таъкидлаганидек, “Одамни, оламни ва Оллоҳни танимоқдай машаққатли, шарафли йўлнинг аввал-охир чароғбони шу тилдир. Дунёда ўзининг кимлигини англаш, қавмининг ҳамияти ва ҳурлигини кўриш туйғуси ҳам, аввало, тил туфайли пойдордир. Она тилининг инсон ва ақлий ва маънавий-руҳий дунёсининг таянчи эканлигидан иборат ҳақиқатни ҳуши ўзида бўлган одамларнинг барчаси эътироф этади.”
Ҳар қандай миллий тил воситасида шу тилда сўзловчи халқнинг эстетик, ахлоқий-бадиий ва фалсафий, диний-этнографик, тарихий ва ижтимоий, мафкуравий ва маънавий қарашлари, улар ҳақидаги тушунчалар, тасаввурлар, категориялар, мушоҳадалар ифода этилади. Шу боисдан лисон буюк меросни авлоддан авлодга олиб ўтувчи, уни асровчи ва сақловчи маънавий қуролга, хазинага айланади. Бинобарин, тилни шунчаки алоқа қуроли деб билиш ва баҳолаш мантиққа мутлақо тўғри эмас.
Ўзбек тили – ўзбек халқининг миллий тили. Унда ўзбек халқининг ўзлиги, табиати, сажияси, савияси, тафаккур тарзи ўз тажассумини топар экан, демак, мазкур тилни асраб-авайлаш, унинг нуфузини, обрў-мавқейини кўтариш шу тилда сўзловчи ҳар бир шахснинг ижтимоий бурчи ва ҳуқуқидир.
Aждодларимиз биз авлодларга ўзининг барча қадимий маънавий бойликлари билан бир қаторда ўзбек тилини ҳам кўҳна тарих қаъридан ҳозирга қадар авайлаб, сақлаб, асраб келган экан, биз ҳам келажакка тилимизни бутунлигича етказиш зиммамиздаги қарздир. Боиси “Она тилимиз – ўзбек тили ўзида халқнинг қадриятлари, миллий тафаккури, тарихи, руҳияти, маънавий дунёси, ўзига хос урф-одатларини инъикос этувчи ноёб бир ҳодиса, буюк бир неъматдир. Лисон, деб аталган ҳудудда макон топган ноёб сўз жавоҳирларини, унинг бетакрор хусусиятларини келгуси авлодларга безавол етказишдек шарафли вазифани адо этиш” (Дурдона Худойберганова) ҳар бир даврнинг муҳим масаласи ҳисобланади.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқимиз ўзбек тилига, ўзбек адабий тилини янада ривожлантиришга, унинг қонуний ҳуқуқларини тиклашга катта эътибор берди. 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши мана шу улуғ ишнинг дебочаси бўлди. Ҳозирда давлат тилининг нуфузини оширишга доир бир қанча қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди ва улар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Мана шундай улкан ишлардан бири 21 октябрнинг “Ўзбек тили байрами куни” сифатида белгиланиши бўлди. Бу ҳақидаги Қонун 2020 йилнинг 10 апрел кунидан кучга кирган. “Ўзбек тили байрами куни”нинг нишонланиши ўзини ўзбек миллати ва халқининг вакили деб билган юртдошларимиз қалбида чексиз ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Доим ўзбек тили нуфузи ва обрўсини янада ошириш, ўз она тилига меҳр-муҳаббатини амалий фаолиятда намоён этиш ҳар бир ўзбек фарзандининг мақсади, муҳим вазифаси бўлиши зарур. Ҳар биримиз:
“Ўз юртида эркин бўлсин элим дедим,
Юрагимда унган гулим – тилим дедим…” (Маҳмуд Тоир)деган орзу билан яшамоғимиз зарур.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон заминида яшаётган ҳар бир фуқаронинг зиммасида “Давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билиш, шундай қарашни ҳаёт қоидасига айлантириш”дек шарафли масъулият ётади.
Халқни олий мақсад атрофида бирлаштириш, жипслаштиришни адо этишда она тилининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Она тилимиз орқали халқимиз тарбияланади. Демак, ўз-ўзидан, тил халқни тарбиялашнинг ҳам қуролидир.
“Тупроғида олтин гуллайдиган, қишларида баҳор шивирлайдиган, тоғ деса тоғи бор, боғ деса боғи бор, ҳар тонгда булбуллар мадҳини ўқиб тамом қилолмайдиган” (Ойбек) Ўзбекистонда яшаяпмизми, унинг ҳар бир рамзини, жумладан, тилини ҳам қадрламоғимиз, эъзозламоғимиз даркор. Маданий-маънавий ишлар, иш юритиш, расмий ва норасмий йиғинлар, илмий анжуманлар давлат тили – ўзбек тилида олиб бориладиган бўлса, ўзбек тилининг радио ва телевидение, тарғибот, нашр ишлари, почта, телеграф тизими, илмий-техникавий соҳалар, молия ва савдо жабҳаларидаги мавқейи янада тикланса, нур устига нур бўларди.
Эркин, мустақил фикрлайдиган шахсни тарбиялаш давлат сиёсати даражасидаги вазифа сифатида эътироф этилаётган ҳозирги кунда нутқ маданиятининг аҳамияти жуда катта. Зеро таълим ва тарбия беришда асосий восита тил саналади. Нутқ маданиятини ўстириш фақат филология соҳасидаги таълимий-тарбиявий иш бўлмасдан, ғоявий-сиёсий, маърифий ишларнинг ҳам энг муҳим томонларидан бирини ташкил этади. Ҳар бир инсон учун ўз миллий тилини ўрганиш ҳаётий эҳтиёждир. Маълумки, ҳар бир шахсда нутқ маданиятининг юксалиши миллий тил сирларини ўрганиш, адабий тил меъёрларига риоя қилган ҳолда тўғри гапириш ва ёзиш, тилнинг лексик ва грамматик бирликларидан ўринли ва мақсадга мувофиқ тарзда фойдалана олиш омилларига боғлиқ.
Ўзбек тилининг меъёрлари мукаммал шакллантирилганлиги ўзбек халқи маданиятининг улкан ютуғидир. Мазкур тилни юксак даражада асраб-авайлаш мақсадга мувофиқ. Миллатимизнинг миллатлигини кўрсатувчи равон тилимизнинг бугуни ва эртаси учун ҳар биримиз масъулмиз. Тилнинг ривожини таъминлаш эса, аввало, жамиятда тил ҳақидаги тушунчаларнинг барқарорлигига, тил эгаларининг бебаҳо бойликка бўлган ҳурмат-эҳтиромига боғлиқ.
Зоҳида Муқимова,
ЎзР ФA Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)