Ўзбек тили: мерос, меъёр ва тараққиёт
Бугун Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида 4 жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси”, “Ўзбек адабий тили имло қоидаларининг шаклланиш тарихи” ва “Ўзбек тили омонимлари луғати” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Вазирлик тизимида давлат тилининг нуфузини ошириш, соҳада ўзбек тилида иш юритишни такомиллаштириш, кончилик ва геологияга оид атамаларни давлат тилига мослаштириш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири маслаҳатчиси Зиёда Аҳмедова бугунги тадбирнинг аҳамияти ҳамда вазирлик тизимида давлат тилини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди:
– Бугунги тадбир биз учун жуда муҳим ва мазмунли бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорликда ушбу китоблар тақдимотини ташкил этдик.
Тадбирга таниқли олимлар ва соҳа мутахассисларини таклиф этдик. Улар айнан шу китобларнинг мазмун-моҳияти, илмий аҳамияти ҳамда ўзбек тили ва адабиёти ривожидаги ўрни ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот бердилар. Китобларнинг яратилиш тарихи, илмий қиммати ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида билдирилган фикрлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Айниқса, 4 жилдлик “Алишер Навоий энциклопедияси”нинг яратилиши, унда буюк бобокалонимизнинг ҳаёти, ижоди ва бой маънавий мероси кенг ёритилгани алоҳида аҳамиятга эга. Алишер Навоий - буюк мутафаккир, олим ва шоир. Унинг ижодий мероси чексиз уммонга қиёсдир. Шу боис, ёш авлодга мумтоз асарларимиз ва буюк адибларимиз ҳақида қанча кўп маълумот берсак, шунча оз.
Умуман, бугунги тақдимот давомида биз ҳам кўплаб янги маълумотлар, билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Бундай тадбирлар китобларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш билан бирга, мутолаа ва илмга бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Вазирлик тизимида давлат тилига муносабат фақат тадбирлар билан чекланиб қолмаяпти. Бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Барча ходимларимиз давлат тилида иш юритиш асослари бўйича билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб келмоқда.
Шу билан бирга, соҳа мутахассислари, олимлар, географлар ва адабиётшунослар билан ҳамкорликда геология тизимидаги географик объектлар ва конлар номларини давлат тилига мувофиқлаштириш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилди. Ҳозирга қадар 2600 дан ортиқ кон номи давлат тилига мувофиқлаштирилди, айримларига эса янги номлар берилди.
Бу ишлар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тасдиқланди ва маълумотлар базасига зарур ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда географик объектлар ва конлар янги, мувофиқлаштирилган номлар асосида юритилади. Янги очилаётган конларга ҳам давлат тили меъёрларига риоя этилган ҳолда номлар бериб борилмоқда.
Соҳада давлат тилини ривожлантиришнинг яна бир муҳим йўналиши атамалар масаласи ҳисобланади. Чунки тилни соҳада тўлақонли қўллаш учун, аввало, илмий асосланган ва тушунарли ўзбекча атамалар тизими шаклланган бўлиши керак.
Шу мақсадда вазирлик ва тизимости корхоналарининг етук мутахассислари иштирокида Атамалар ишчи гуруҳи ташкил этилган. Гуруҳ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг давлат тили қоидаларига, жумладан, имло, услубий ва грамматик меъёрларга мувофиқлиги ўрганилиб, лингвистик экспертиза хулосалари бериб борилмоқда.
Соҳада фойдаланиш учун бир қатор муҳим луғатлар ҳам нашр этилди. Жумладан, “Қидирув геофизикаси атамаларининг русча-ўзбекча қисқача изоҳли луғати” ва “Кончилик ишлари атамаларининг русча-ўзбекча қисқача изоҳли луғати” тайёрланиб, чоп этилди. Яна бир муҳим натижамиз “Ўзбекистон Республикасининг петрографик кодекси”нинг давлат тилида нашр этилганидир.
Ходимларнинг давлат тилида иш юритиш бўйича малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ходимларимиз мунтазам равишда таҳсил олиб, ўқиш якунида сертификатларга эга бўлмоқда.
Биз учун китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш ҳам муҳим. Шу мақсадда вазирликда “Китоб бурчаги” ташкил этилган ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилган.
Давлат тили ҳамда маънавият ва маърифат масалаларига бағишланган расмий телеграм саҳифаларимизда “Мутолаа завқи” бўлими ҳам ташкил этилган. Унда ходимларга бадиий ва илмий-оммабоп асарлар, Туркистон жадидлик ҳаракати ҳақидаги илмий мақолалар, таржималар ва жадидлар асарлари тавсия қилиб борилади.
Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида тизимдаги олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Ёш китобхон”, “Мен ёқтирган асар” каби танловлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, “Ўзбек тили барчамизни бирлаштиради!” шиори остида оммавий диктантлар, эркин мавзуда ифодали шеър ўқиш, ўзбек халқ мақолларини айтиш каби ижодий ва маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида эса “Заковат” интеллектуал ўйини, диктантлар танлови ва бошқа адабий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Менимча, она тили ҳар бир халқнинг миллий ўзлиги, маънавий қиёфаси, тарихи ва тафаккурини ўзида мужассам этувчи бебаҳо бойлик. Тилга бўлган ҳурмат, аввало, ўзлигимизга, тарихимизга ва келажагимизга бўлган ҳурматдир.
Шунинг учун давлат тилини асраб-авайлаш, унинг нуфузини ошириш ва келажак авлодларга соф ҳамда бой ҳолда етказиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.