Ўзбек стартаплари учун Франция эшик очмоқда
Технология соҳасида ҳамкорлик энди фақат тайёр маҳсулот ёки хизмат алмашиш билан чекланмайди.
Стартаплар учун янги бозорларга чиқиш, инвестор топиш ва тажриба алмашиш ҳам муҳим. Парижда ўтказилаётган Халқаро космик саммит доирасида Ўзбекистон ва Франциянинг стартап экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси таркибида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро космик саммитда иштирок этмоқда. Саммитда космик технологиялар, инновациялар, илмий-техник тараққиёт ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинмоқда.

Ташриф доирасида Президент администрациясининг молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаменти раҳбари Бобур Ходжаев ва рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов La French Tech марказий офиси директори Жюли Юге билан учрашди.
Суҳбатда икки давлатнинг технологик ва стартап соҳасидаги алоқаларини кучайтириш, француз стартапларининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳамда ўзбекистонлик стартапларни Франция ва Европа бозорларига олиб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.

La French Tech — Францияда истиқболли стартаплар ва технологик компанияларни қўллаб-қувватлайдиган тизим. У стартапларни халқаро бозорларга олиб чиқиш, инвесторлар ва технологик компаниялар билан боғлашга кўмаклашади.
Учрашувда Француз стартапларини Ўзбекистон бозорига жалб қилишда IT Park’нинг Soft Landing ва Startup Exchange дастурларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, La French Tech вакиллари ICT WEEK Uzbekistan халқаро тадбирида иштирок этишга таклиф қилинди.
Агар режалар амалга ошса, бу ҳамкорлик бир томондан француз стартаплари учун Ўзбекистон бозорига кириш имкониятини кенгайтирса, иккинчи томондан маҳаллий стартапларга Франция ва Европа технологик бозорларига чиқиш учун янги эшикларни очиши мумкин.
Нигора Раҳмонова, ЎзА