Ўзбек спортининг 35 йил давомидаги оламшумул муваффақиятлари
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини оширишда, жонажон ватанимизнинг борлигини дунёга баралла танитишда жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги шиддатли баҳсларда спортчиларимиз томонидан қўлга киритилган ғалабалар муҳим аҳамият касб этди.
Йиллар сарҳисобига эътибор қаратсак, 1991 йил сентябрдан мустақил Ўзбекистон номи халқаро спорт майдонларида, анжуманларда янграй бошлади.
1.1991 йил 17 сентябрда халқ ўйини бўлиб келган миллий қадриятимиз курашнинг ўзбекона сўзлардан иборат спорт қонун-қоидаси, терминологияси ишлаб чиқилиб, Европа ва Осиё мамлакатларида кенг тарғиб этилди.
2.1992 йил 21 январь куни ўзбек спорти тарихидаги муҳим воқеликлардан бири - Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилиб, 1993 йилнинг сентябрь ойида Халқаро олимпия қўмитасининг 101-сессиясида Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинди.
3.1993 йил 18 мартида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг илк бор футболни ривожлантириш тўғрисидаги тарихий қарори қабул қилинган.
4.1994 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон спорт делегацияси илк бор Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтган XII Осиё ўйинларида қатнашиб, 11 та олтин, 12 та кумуш ва 19 та бронза (жами 42 та) медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади.
5.Айнан Хиросимада ўтган Осиё ўйинларининг финал беллашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хитой терма жамоасини мағлубиятга учратиб, “кичик олимпиада” ғолибига айланган эди.
6.1994 йил Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида ўтган қишки Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик фристайлчи Лина Черязова олтин медални қўлга киритди. Бу, Ўзбекистон тарихида қишки Олимпиада ўйинларидаги илк ва ҳозирча ягона олтин медаль ҳисобланади.
7.1995 йил 1-8 октябрь кунлари пойтахтимиз Тошкентда илк бор бокс бўйича Осиё чемпионати ўтказилди. Қитъанинг 20 тадан зиёд давлатидан боксчилар қатнашган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медалига сазовор бўлган.
8.1996 йили АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 71 нафар спортчиси 12 та спорт турида ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларига эга чиққан эди. Дзюдочимиз Армен Богдасаров кумуш, боксчимиз Карим Тўлаганов бронза медалига сазовор бўлган.
9.1996 йил 1 сентябрда Тошкентда Халқаро олимпиада қўмитасининг ўша пайтдаги президенти Хуан Антони Самаранч иштирокида “Олимпия шон-шуҳрати” музейи тантанали очилди.
10.1997 йил футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1998 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги илк ўйинларида майдонга тушди.
11.1998 йил Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтган ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистоннинг 168 нафар спортчиси 21 спорт турида иштирок этиб, 6 та олтин, 23 та кумуш ва 15 та бронза медалини қўлга киритган.
12.1999 йилнинг май ойида Тошкентда миллий спортимиз кураш бўйича 1-жаҳон чемпионати ўтказилиб, мусобақалар доирасида 28 та давлат делегатлари ташаббуси билан Халқаро кураш ассоциациясига асос солинди.

13.2000 йил Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтган XXVII ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига эгалик қилган ҳолда умумжамоа ҳисобида 199 давлат орасида 43-ўринни эгаллади. Боксчимиз Муҳаммадқодир Абдуллаев Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ёзги Олимпиаданинг олтин медалини қўлга киритди.
14.2004 йил Ливияда шахмат бўйича ўтган жаҳон чемпионатида Рустам Қосимжонов ғолибликни қўлга киритди.
15.2004 йили Грецияда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 2 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлди.
16.2007 йилнинг 14 апрелида Германияда ўтган профессионал бокс оқшомида боксчимиз Руслан Чагаев россиялик Николай Валуевни мағлуб этиб, WBA чемпионлик камарини қўлга киритди.
17.2011 йили Мексикада ўтган жаҳон чемпионатида футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси чорак финалгача бориб, дунёнинг энг кучли 8 та терма жамоасидан бири бўлди.
18.2012 йилнинг октябрида футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Эронда ўтган Осиё чемпионати финалида Япония терма жамоасини мағлуб этиб, қитъа чемпиони деган шарафли номга эга чиқди.
19.2012 йилда Тошкентда “Бунёдкор” стадиони фойдаланишга топширилди.
20.2015 йилнинг баҳорида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси қуриб, фойдаланишга топширилди.

21."Рио-2016” Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари умумий ҳисобда 13 та медални қўлга киритди. Боксчиларимиз ушбу Олимпиадада 7 та совринли ўрин билан умумжамоада 1-ўринни эгаллади. Мазкур олимпиадада Ҳасанбой Дўстматов “Рио-2016”нинг энг яхши боксчиси деб топилди.
22.Оғир атлетикачимиз Руслан Нуриддинов Олимпиада олтин медали билан бирга Олимпиада рекордини ўрнатди.
23.2017 йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон тарихида биринчи марта ихтисослаштирилган футбол телеканали — "Футбол ТВ" ишга туширилди.
24.2017 йил Ўзбекистон бокс федерацияси Осиёда йилнинг энг яхши миллий бокс федерацияси деб топилди.
25.2018 йил Аргентинада ўтган III ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 206 мамлакат орасида 16 та медаллар шодасига эга чиқиб, 13-ўринни эгаллади.
26.2018 йил 18 август - 2 сентябрь кунлари Жакартада (Индонезия) ўтган 18-ёзги Осиё ўйинларида миллий спортимиз кураш мусобақалари ўтказилди.
27.2018 йил Индонезияда ўтган ёзги Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза медалига сазовор бўлди.
28.2019 йил давомида Ўзбекистонда 20 га яқин халқаро мусобақалар ташкил этилди.
29.2021 йил Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтган 32-ёзги Олимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари 3 та олтин, 2 та бронза медалини қўлга киритди.

30.2022 йил Ҳиндистонда ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Шамсиддин Воҳидовдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси олтин медалларга сазовор бўлди.
31.2023 йил Хитойда ўтган ёзги Осиё ўйинларида мамлакатимизнинг 71 нафар спортчиси 20 та спорт турида 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалларини қўлга киритди ва умумжамоада 5-ўринни эгаллади.

32.2024 йил Парижда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан 206 мамлакат орасида 13-ўринга кўтарилди.
33.2025 йили Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри мезбонлик қилган ёшлар Параосиё ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоада 1-ўринни эгаллади.
34.2025 йил Ўзбекистон футболи учун юксалиш йили бўлди. Мамлакатимизнинг барча ёшдаги терма жамоалари ва футболчилари халқаро майдонда улкан муваффақиятларга эришди. Миллий терма жамоамиз Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

35.2025 йилдан пойтахтимизда “Олимпия шаҳарчаси” иш бошлагани, мамлакатимизда “Президент олимпиадаси” комплекс спорт мусобақалари йўлга қўйилгани янги Ўзбекистон спортининг мустаҳкам ривожланиш майдони яратилишига олиб келди.
Умуман олганда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигидаги ютуқларимиз 35 та эмас, балки 350 та, керак бўлса 3 минг 500 та десак, муболаға бўлмайди.
Зеро, спорт таълими, миллий ўйинларимизнинг спорт турига айлантирилиши, халқаро спорт ташкилотлари ижроия қўмиталарида ўзбекистонлик мутахассисларнинг ўрин эгаллаётгани, нуфузли спорт ташкилотлари раҳбарларининг юртимизга кейинги йилларда қайта-қайта ташриф буюраётгани, юртимизда йирик спорт мусобақалари, анжуман ва конференциялари ташкил этилаётгани, шижоатли спортчиларимизнинг жаҳон ва қитъа чемпионатларида янги-янги рекордларни қайд этаётгани ўзбек спортининг тарихий ғалабалари, оламшумул натижалари бардавом эканининг амалий ифодасидир.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА