Ўзбек ошпазларининг Туркиядаги ютуғи
Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган 18-Халқаро пазандалик фестивалида Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси вакиллари 8 та олтин, 5 та кумуш, 3 та бронза медал қўлга киритди.
Тўрт кунлик анжуманда дунёнинг турли давлатларидан ошпазлар, шунингдек, Ўзбекистон, Эрон, Тунис, Қирғизистон, Германия, Хорватия, Сербия, Озарбайжон, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатлардан келган халқаро даражадаги ҳакамлар қатнашди.
Ошпазларимизнинг жаҳон миқёсидаги мусобақаларда фаол иштирок этиши гастрономик туризмни оммалаштиришга хизмат қилади. Бундан ташқари республикамизга кўплаб хорижий гурманларни жалб этиш ҳамда ушбу сайёҳлик йўналишидан қўшимча даромад олиш имконини беради.

Чемпионатининг биринчи кунидаёқ жамоамиз 2 та олтин ва 2 та кумуш медалга сазовор бўлди.
Моҳир мутахассислар Умринисо Тўлаганова, Жавоҳир Абдуқодиров, Алина Ал-Забен, Сарвиноз Ўрозбоева, Абдулазиз Усмоналиев, Фирдавс Фатҳуллаев тайёрлаган десерт маҳсулотлар ва таомлар энг юқори баҳо олди ва олтин медалга лойиқ кўрилди. Даврон Сутонов кумуш, Билол Қудратов, Саидаъзамхон Ҳамидуллаев эса бронза медал билан тақдирланди.
Ўзбекистон Ошпазлар ассоциацияси 2010 йилдан буён Бутунжаҳон ошпазлар ҳамжамиятига расман аъзо ҳисобланади. Ташкил этилганидан буён юртимиздаги барча умумий овқатланиш нуқталари учун кадрлар тайёрлаш, мутахассисларни қайта тайёрлаш, умумий овқатланиш муассасаси фаолиятига технологик жараённи жорий этиш бўйича ахборот-маслаҳат хизмати кўрсатиш бўйича таклиф, тавсия бериб келмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА