Ўзбек олимлари қандай изланишлар устида ишламоқда?
Президентимиз 2022 йил Олий мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2023 йилда илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилишини эълон қилди. Энди олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, чорвачилик, геология, саноат, қурилиш каби долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари керак бўлади.
Хўш, айни кунгача уларнинг натижалари қандай эди-ю бундан кейин қандай бўлади? Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошида фаолият юритувчи институтлар бу борада ўз олдига қўйган вазифаларни уддалаяптими?
«Янги ташаббуслар» лойиҳаси доирасида ЎзА орқали академик, олим ҳамда илмий ходимлар билан шу ҳақда туркум суҳбатлар эълон қилиб боряпмиз.

Бу галги суҳбатдошимиз Микробиология институти директори, биология фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Давронов.
— Микробиология институтида бугунги кунда қанча олимлар изланиш олиб боряпти? Институтнинг асл вазифалари нималардан иборат?

— Институтимиз 1965 йилда ташкил топган бўлиб, Тошкент шаҳри, Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган. Жамоамизда 1 та академик, 12 та фан докторлари, 28 та фан номзоди, 106 та илмий ходим фаолият олиб боради.
Фаолиятимиз жуда кенг. Шулардан айримларини санаб ўтаман. Тадқиқотларимизнинг асосий йўналишлари микроорганизмлар дунёси хилма-хиллигини ўрганиш, чорвачилик учун ноёб озуқа қўшимчалари ва микробли биологик фаол моддалар (озуқа оқсиллари, ўсиш регуляторлари, ветеринар препаратлар ва бошқалар) ишлаб чиқишдан иборат.
Бундан ташқари, ўсимликлар ҳосилдорлигини оширувчи, уларнинг ўсишини стимуляцияловчи, турли касаллик ва зараркунанда ҳашаротлардан ҳимоя қилувчи, узоқ йиллар давомида қўлланилган кимёвий ўғитлар ва заҳарли кимёвий моддаларнинг ўсимликларга салбий таъсирини камайтирувчи экологик тоза биоўғитларни ишлаб чиқариш.

— Охирги йилларда институт томонидан қандай янгиликлар жорий қилинди?
—Институтда республикада ягона 2000 дан ортиқ нопатоген микроорганизмлар (бактериялар, актиномицетлар, микроскопик замбуруғлар, ачитқилар) штаммларидан иборат ноёб културалар коллекцияси яратилган.
Биотехнология соҳасида ўсимлик чиқиндиларидан оқсил ва витамин таркибига кўра балансланган ем-хашак қўшимчалари тайёрланди.
Янги ажратилган микроорганизмларнинг сўнгги авлод антибиотикларига сезувчанлиги аниқланди, бу эса ўз навбатида уларнинг иштирокисиз чорвачилик учун биопрепаратлар яратиш истиқболини кўрсатади.
Қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг турли чиқиндиларидан фойдаланилган ҳолда, замбуруғларнинг фаол фермент ҳосил қилиши ва ўсиши учун озуқа муҳит таркиби оптималлаштирилди.
Қишлоқ хўжалиги миқёсида яратилган «Фитобиосол» – экологик тоза биоўғит уруғ унувчанлигини оширади, тупроқни соғломлаштиради, ҳосилдорликни оширади, кимёвий ўғитлар ишлатилишини камайтиради.
Фармацевтика учун самарали биологик фаол қўшимча препаратлари ҳам ишлаб чиқилган. Сут ачитқи маҳсулотлари ва биопрепаратларнинг маҳаллий штаммлари асосидаги бифидобактериялар бошқа препаратларга нисбатан самаралидир ва ичаклар микрофлорасини тез тиклайди ва қисқа муддатларда анаэроб флора (бифидо- ва лактобактериялар)ни нормаллаштиради, касаллик келтириб чиқарувчи ва шартли касаллик келтириб чиқарувчи флоранинг ўсиши ва ривожланишини сусайтиради, инсоннинг иммун тизимини оширади. «Лактопрополис» биологик фаол қўшимчаси ярали ва сурункали овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларини даволаш учун тавсия қилинган.
— Тадқиқотлар қилиш учун илмий асбоблар талабга жавоб берадими?
— Ҳозирги кун талабига жавоб берадиган асбоб ускуналар ва реактивлар харид қилиш ва янгилаш жараёнлари доимий равишда давом этмоқда. Жумладан, шу кунларда институтда микроорганизмларни тез идентификация қилиш учун ZyBio компаниясининг EXS2600 Малди-ТОФ ускунаси ўрнатилди ва ишга туширилди.
— Охирги йилларда қайси олимлар қандай тадқиқотлар қилди?
— Биология фанлари номзоди Аҳмаджон Махсумхонов раҳбарлигида «Ўзбекистонда илк маротаба саноат миқёсида микроб биокатализи асосида маҳсулот - акрил кислотаси нитрилидан акриламид олишнинг микроб биотехнологияси» ишлаб чиқилди.
Уни жорий этиш устида «Навоиазот» АЖ билан ҳамкорликда ишларни тизимли йўлга қўйиш ҳаракатлари давом этмоқда.
Биология фанлари номзоди Гўзал Қутлиева раҳбарлигида «Ичак яллиғланиш касалликларининг олдини олиш ва даволаш учун «ProbioKolit» биологик фаол қўшимчаси тажриба синов намуналарини (капсула, саше шаклида) ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича тижоратлаштириш лойиҳаси» бажарилмоқда.
Нодир ва қимматбаҳо металларни эритмага ўтказувчи микроорганизмларни аниқлашнинг замонавий услубиятини яратиш бўйича Навоий кон металлургия комбинати билан кенг қамровли ҳамкорлик бўйича шартнома тузилган.
— Қайси хорижий институтлар билан ҳамкорлик қиласизлар? Натижалар қандай бўляпти?
— Ҳамкорлик қилинаётган илмий марказлар кўп, жумладан, Беларусь Республикаси Миллий Фанлар академияси Микробиология институти билан илмий ходимлар тажриба алмашинуви бўйича сафарлар уюштириб турилади, ҳозирги кунда учта амалий лойиҳа ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Қозон Миллий тадқиқот технологик университети билан ҳамкорликни ривожлантириш устида ишлар давом этмоқда.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА