Ўзбек олимининг китоби Малайзияда чоп этилди
Асрлар силсиласидан ўтиб келаётган меъморий обидаларимизнинг мустаҳкамлиги замирида ота-боболаримизнинг кенг ақлий заковати ётади.
Шу боис хорижда Шарқ меъморчилиги, хусусан, Турон замин усталари томонидан бунёд этилган тарихий обидаларга қизиқиш, уларнинг сирларини билишга интилиш истаги кучли. Хорижий давлатлар олимлари томонидан мамлакатимиздаги тарихий-меъморий обидалар ҳақида кўплаб илмий мақолалар, китоблар нашр қилинган. Юртимиздаги маданий мерос объектлари, қадимий осори-атиқаларимиз ва уларнинг яратилиш тарихию сир-асрорлари борасида олимларимизнинг ҳам мақтаса арзигулик илмий ишлари, тадқиқотлари талай. Фикримизнинг исботи сифатида яқиндагина Малайзиянинг “USIM Press, 2021" Малайзия Ислом илмий университети нашриётида инглиз тилида чоп этилган Самарқанд давлат Архитектура қурилиш институти профессори Аҳтам Ўроловнинг "Архитектуравий шаклларни уйғунлаштириш, безаш ва ёруғлик" номли китобини келтиришимиз мумкин.
Ўзбек олими китобининг узоқ хорижда ─ Малайзия исломий фанлар университети нашриётида инглиз тилида чоп этилиши ва унинг Малайзияда архитектура ва дизайн соҳасида ўқиётган талабаларга ўқув қўлланма сифатида тавсия этилганлиги унинг дунёвий аҳамияти нақадар эканлигини белгилайди.
Мазкур китоб ўтмиш архитектор-муҳандисларининг лойиҳалаш жараёнида меъморий шакллар уйғунлигини таъминлаш, биноларни безаш ва ёруғлантиришда қўллаган қоида ва қонуниятлари мажмуасини аниқлаб, уларни ўқувчиларга етказишга, меъморий обидалардаги гўзаллик сир-асрорларини очиб беришга қаратилган кўп йиллик тадқиқотлар натижасидир.
Ҳар қандай бино ва иншоот, меъморий муҳит муайян геометрик шакллар ва ҳажмлардан тузиладики, улар меъморларнинг ижодий лойиҳалаш услуби, амалда қўллайдиган мутаносиблик ва уйғунлик қонуниятлари орқали ўзида гўзаллик, бадиий эстетик моҳият ва мазмун касб этади.
Мазкур китоб мана шу меъморий шакллар уйғунлиги ва мутаносиблик назариясини очиб берувчи асардир.
Асар шуниси билан ҳам эътирофга лойиқки унда ўтмишда қурилган ислом меъморий обидаларининг гумбази, минораси ёки пештоқлари қулаб, уларнинг асл баландлиги номаълум бўлиб қолса, уларни қайта тиклашда меъморий шаклларнинг ҳандасавий (геометрик) уйғунлиги ва модуль (миқёс тўри) услубларини қўллаб, уларнинг баландликларини топиш имкониятлари ҳам баён қилинган.
Биноларга фақатгина ташқи пардоз бериб, уларнинг гўзаллигига эришиб бўлмайди. Бунинг учун аввало бинони шакллантирган қисм ва бўлаклар (бино курсиси, остонаси, бино ҳажми, томи) ва улар орасидаги мутаносибликни, уларнинг яхлит бино шаклига мослигини таъминлаш, яъни меъморий шакллар гармониясига эришиш лозим. Шундан кейингина безаклар ишланиши мумкин.
«Гармония» сўзи ўзбек тилида уйғунлик, монандлик, ҳамоҳанглик тушунчаларини беради. Меъморчилик ва тасвирий санъатда уйғунлик, яъни гармония ижодий камолотнинг юксак орзусига айланиб қолганлиги ҳаммага маълум. Гўзаллик ва уйғунлик эгизак опа-сингиллардир. Зеро ҳар қандай ташқи пардоз ёки безак архитектурага шакллар мутаносиблиги ва уйғунлигидек гўзаллик бахшида этолмайди.
Шунинг учун ҳам ўзбек олимининг мазкур китобида кўтарилган муаммо ва масалалар ечимини ўрганиш хорижда таълим олаётган бакалавр ва магистрантлар учун ҳам фойдали деб тан олинди ва Исломий мамлакат ҳисобланган Малайзияда инглиз тилида нашр этилди. Китобнинг инглиз тилида нашр этилиши эса ушбу асарнинг дунёвий аҳамиятини ва китобга бериладиган буюртмалар сонини янада ошириши шубҳасиз.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекистон Республикасининг Куала- Лумпур шаҳридаги элчихонаси ҳамда Малайзия Ислом Илмий университетининг илмий ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари борасида ўтказган учрашувлари самараси ўлароқ шу йилнинг 18 ноябрь кунида мазкур асарнинг тақдимотини Малайзияда ўтказиш борасида келишувга эришилди ва Ўзбекистон Республикаси ТИВ томонидан тақдимот қатнашчиларининг тадбирда иштироки борасида таклифлар берилди.
ЎзА