Ўзбек лимони: Пўсти ширин, доривор ва экспортбоп янги нав (+видео)
Ўзбекистонда маҳаллий иқлимга мос, экологик тоза янги цитрус мева нави яратилди. Унинг ноёб хусусиятлари нафақат экспорт бозорида, балки бошқа соҳаларда ҳам катта истиқбол ваъда қилмоқда.
Лимоннинг “Лаззат” навини Тошкент давлат аграр университети Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги факультети олимлари ректор - Нарзулла Обломуродов бошчилигида Илмий ўқув тажриба хўжалигида яратиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этишмоқда. Бунда цитрус меваларда узоқ йиллардан буён чуқур илмий изланишлар олиб бораётган кафедра профессори Муҳаммадазиз Фахриддиновнинг катта ҳиссаси бор. Устоз ва шогирдларнинг бир неча йиллик илмий тадқиқотлари натижасида яратилган ушбу мева Ўзбекистон иқлимига мос келди ва кимёвий ишлов беришни талаб қилмайдиган экологик тоза маҳсулот сифатида хорижий давлатларга экспорт қилиш имкониятлари юқори. Пўсти қалин ва узоқ юртларга олиб борилганда ўз хусусиятини йўқотмайди.
–Ушбу мева Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги кафедрасида яратилди. Мақсадимиз селекцион яратилган янги навларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, –дейди кафедра профессори Муҳаммадазиз Фахриддинов. – Жуда кўплаб лимон навлари яратиляпти ва ҳар бир яратилган селекцион навларнинг ўз ўрни бор. Масалан, уларнинг қайсидир бир нави экспортбоп бўлса, қайсидири қайта ишлашга мос келади, бошқаси ички бозорга тўғри келади. Биз яратаётган навларимизнинг ҳаттоки пўсти ҳам ширин. Фармацевтикага дори тайёрлашда ҳам қўлласа бўлади. Олмада 0.003 % пектин бўлса, янги “Лаззат” навининг пўстида 0.89% пектин моддаси бор.
Давоми қуйидаги видеоҳаволада.
Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов,
Улуғбек Тўхтаев,
ЎзА