Ўзбек кураши Жанубий Кореяда оммалашмоқда
Ўзбекистон кураш федерациясига Жанубий Кореянинг “Top Promotion” компанияси бошқаруви вакиллари ташриф буюрди.
Меҳмонлар Тошкентдаги кураш музейида бўлиб, кураш тарихи ва бугуни ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар, мазкур спорт тури ҳақидаги маълумотлар билан танишди. Шунингдек, меҳмонлар кураш халқаро майдонда ҳам замонавий ва истиқболли спорт тури сифатида ривожланиши учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд эканлигини эътироф этди.
Ташриф доирасида меҳмонлар Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш қоидалари асосчиси Комил Юсупов билан учрашди.

Комил Юсупов курашнинг спорт тури сифатида халқаро майдонга олиб чиқилиши йўлидаги ҳаракатлар, дунё аренасидаги ривожланиши, тарихи ҳақида сўзлаб берди. Ўз навбатида меҳмонлар Корея миллий спорт тури бўлган таэквондонинг (WT) ёзги Олимпия ўйинларига киритилиши борасида олиб борилган ишлар, ҳаракатлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Унга кўра, келажакда курашни олимпия ўйинлари дастурига киритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жаҳон ёшларини кураш спорт тури билан шуғулланишга кенг жалб этиш, курашни ўзбек бренди сифатида жаҳон дурдонасига айлантириш ва халқаро нуфузини юксалтириш, мустаҳкамлаш борасида ҳамкорлик қилиниши келишиб олинди.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА