Ўзбек фотографиясининг фотография юртидаги мартабаси
Шу кунларда Японияда фотография санъатига оид йирик халқаро фестиваль бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистонинг фотография санъати, унинг тарихи, анъаналарига алоҳида эътибор ва қизиқиш билан аҳамият қаратилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий маслаҳатчиси, профессор Турсунали Қўзиев ушбу нуфузли халқаро фестиваль, ва умуман кунчиқар юртда ўзбек фотография санъатига бўлган эътибор ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Жорий йил жаҳон маданияти тарихида алоҳида аҳамиятга эга. Бу йил фотография техникаси ихтиро қилингани ва фотография маданияти ҳамда санъати шаклланганига 200 йил тўлмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда миллий фотографиянинг пайдо бўлганига ҳам 150 йил тўлди.
Фотография кашфиётчилари саналган француз ва немис сураткашлари фотоаппарат ихтиро этилганидан кўп ўтмай, Самарқанд, Тошкент, Қўқон, Хива ва Бухорога саёҳат қилиб, юртимизнинг илк фототасвирларини яратган. Бироқ кўп ўтмай, Тошкент, Андижон, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда маҳаллий иқтидорли фотоусталар етишиб чиқди. Улар ўз фотоательеларини ташкил этиб, миллий фотография мактабининг шаклланишига асос солди.

Бу усталарнинг номларини қайта тиклаш ишлари ҳануз давом этмоқда. Аммо тарих ўзбек фотографияси ва миллий киночиликнинг асосчиси сифатида хивалик буюк фотоуста Худойберган Девонов номини абадий муҳрлаб қўйди.
Чорак аср муқаддам камина «Ўзбек фотографиясининг 125 йиллиги» фотоантологиясини тайёрлаш ишига киришган эдим. Материал тўплаш жараёнида кенг жамоатчиликка мутлақо номаълум бўлган, улкан тарихий аҳамиятга эга фотоархивлар ва фотоколлекциялар аниқландики, ҳатто кўпни кўрган тажрибали мутахассислар ҳам бундан ҳайратда қолишди. Натижада мамлакатимиз фотографияси тарихини қамраб олган 125 йиллик фотоантология яратилди ва кам нусхада бўлса-да, нашр этилди.

Бугунги Янги Ўзбекистонда маданий меросга қаратилаётган юксак эътибор туфайли янги-янги тарихий фотоархивлар аниқланмоқда. Агар ушбу бой меросни илмий саралаб, янги, тўлдирилган фотоантология нашр этилса, бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон фотографияси тарихи учун ҳам энг муҳим кашфиётлардан бири бўлади.
Япон халқи ва давлати эса инсоният яратган ҳар қандай истиқболли кашфиётни тез ўзлаштириш, уни такомиллаштириш ва самарали саноат маҳсулотига айлантириш қобилияти билан бутун дунёга машҳур. Фотография ҳам бундан мустасно бўлмади. Агар Европа фотография техникасининг ватани бўлган бўлса, Япония унинг энг қудратли индустриясига айланди.

Албатта, Германия, Франция, Буюк Британия, Швеция, АҚШ ва Россия ҳам фотоиндустрия тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. Аммо айнан Япония фотография техникасини такомиллаштириш, уни оммалаштириш, халқчил ва қулай қилиш борасида етакчилик қилди.
Бугун рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг шиддатли ривожланиши натижасида оддий смартфонлар ҳам илгариги оғир ва қиммат фотоаппаратларнинг кўп вазифаларини бажара олмоқда. Аммо бу ҳолат ҳақиқий фотография санъати, унинг эстетикаси ва маданиятига бўлган эҳтиёжни камайтиргани йўқ. Аксинча, бадиий фотография мустақил санъат сифатида янада юксалмоқда.

Бу жараёнда Япониянинг яна бир ўзига хос жиҳати диққатга сазовор. Мамлакатда фотография ривожи мунтазам мониторинг қилинади. Ҳар йили Токиодан тортиб барча йирик шаҳарлардаги музей ва галереяларда анъанавий фотофестиваллар ўтказилади.
Улар орасида “The Month of Photography Tokyo” фестивали алоҳида ўрин тутади. Ўтган асрдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган мазкур фестивалда япон императори оиласи ва миллионлаб фотография ихлосмандлари иштирок этади. Ҳар йили фотосанъати юксак тараққий этган мамлакатлардан бири танланиб, унинг энг яхши фотосуратлари Токионинг нуфузли музей ва галереяларида намойиш этилади.

Ўзбекистон фотографлари ушбу шарафга биринчи марта 2005 йилда сазовор бўлган эди. Ўша йили Токионинг кўплаб кўргазма заллари бир ой давомида ўзбек фотографияси билан яшади.
Орадан йигирма йил ўтиб, 2026 йилда Ўзбекистондан вакиллар яна ушбу нуфузли фестивалга таклиф этилди. Бу гал ташкилий қўмита Ўзбекистондан 8 нафар, Қозоғистондан эса 5 нафар таниқли фотомусаввирнинг асарларини танлаб олди ва уларни талабчан япон томошабини эътиборига ҳавола қилди.

Энг қувонарлиси шундаки, бу йилги фестивалнинг бош рамзи сифатида 1959 йилда тошкентлик фотоуста В.Мазур томонидан олинган «Ёш тошкентлик фотографлар паради» номли машҳур фотосурат танланди. У фестивал каталоглари, плакатлари ва реклама материалларининг асосий образига айланди. Фестиваль каталоги Япониянинг бир қатор вазирлари, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда Қозоғистон Элчисининг табрик сўзлари билан очилади.
Фестиваль доирасида Токио марказида жойлашган уч қаватли Ханзомон музейининг биринчи қавати тўлиқ Ўзбекистоннинг тарихий фотографиясига бағишланди. Мен ҳам мамлакатимиз элчихонаси ходимлари билан ушбу кўргазманинг очилиш маросимида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим. Фотокўргазмага келган иштирокчиларга Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази ҳақида батафсил маълумот берилди. Марказ музейидаги бебаҳо фотосуратлар фонди япон ташкилотчиларида катта қизиқиш уйғотди. Тадбир давомида Ўзбекистон фотокўргазмасининг япониялик ташкилотчиларига Ислом цивилизация маркази эсдалик совғалари топширилди.
Айни пайтда музейда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган яна бир йирик фотокўргазмага тайёргарлик кўрилмоқда. Унда Янги Ўзбекистоннинг бой моддий ва номоддий маданий мероси, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ва замонавий тараққиётини акс эттирувчи сара фотосуратлар намойиш этилади.
Шунингдек, бу йил давомида Япониянинг турли шаҳарларида ҳам Янги Ўзбекистон ва мустақилликнинг шонли санасига бағишланган фотокўргазмалар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бугун Япония каби фотография маданияти юксак ривожланган мамлакатда ўзбек фотографиясига билдирилаётган бу юксак ҳурмат — нафақат миллий фотосанъатимиз, балки бутун Ўзбекистон маданиятининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Бу кўргазманинг ўтказилишида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантириш жамғармаси, ҳамда Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонасининг ҳамкорлиги ва кўмагида амалга оширилгани алоҳида таҳсинга сазовор.

Ўзбекистон ва Япония фотография санъатининг ўзаро боғлиқлиги шундаки, Японияда дунёдаги энг йирик Токио Метрополитен фотография музейи бор. Ана шу музей илмий фаолиятида фотографияни 200 йилда босиб ўтган тарихида энг машҳур 5 нуқтасини белгилаб чиққан. Шундан биттаси Ўзбекистон бўлиб, фотография тарихида энг кўп фотоларда акс этган, илк фотографлари пайдо бўлган, халқи энг кўп фотография билан шуғулланган, энг кўп фотоаппарат олиб ишлатган, энг кўп фотоателье, фотостудия ва фототўгараклари бўлган, фотография бўйича энг кўп дарслик, китоб, альбомлар чоп этган каби мезонлар асосида белгиланган экан. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Токио Метрополитен фотография музейи томонидан бутун Ўрта Осиё минтақасидаги энг фотография ривож топган давлат сифатида қайд этган экан.
Бир сўз билан айтганда, “The Month of Photography Tokyo” фестивали янгиланаётган Ўзбекистон фотография санъатининг тарихи, ўзига хос тараққиёт босқичлари, анъаналарини, бугунги ижодий жараёнларни намойиш этишда алоҳида аҳамиятга эга.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.