Ўзбек дипломатиясининг фидойиси эди...
Ўзбекистон мустақилликка эришгач жуда катта муаммоли, аммо долзарб масалалар олдинда турарди. Улардан бири – хорижий мамлакатларда элчихона очиш эди. Бу халқаро ҳуқуқий меъёр ва тартиб-қоидалар асосида амалга ошириладиган жараён. Уларга шак-шубҳасиз риоя қилиниши шарт. Аммо бошқа, ташкилий масалаларни ечиш ҳам зарур эди.
Биринчидан, элчилик лавозимига тажрибали, дипломатия илмига эга ватанпарвар, фидоий шахсларни танлаш лозим. Ўзбекистоннинг собиқ шўро даврида хорижий мамлакатларда элчилари бўлмаган, табиийки, энди бу соҳада илк бор ишлайдиганларни танлаш керак эди.
Иккинчидан, элчихона фаолият юритиши учун ўша мамлакатда бино, ахборот узатиш махсус жиҳозлари, транспорт, дипломатларга уй-жой, иш ҳақи... Хуллас, битта элчихонага бир неча ўн миллионлаб доллар маблағ талаб қилинган. Ёш Ўзбекистон давлатида эса бу борада ҳали тажриба йўқ эди.
Учинчидан, дипломатиянинг дунё ҳамжамияти қабул қилган мажбурий протокол – расмий қоидалари ҳам борки, элчи уни мукаммал билиши, фаолиятида риоя қилиши муҳим жиҳат. 1991 йилда эса бу талабларга жавоб берадиганлар саноқли эди.
Ўшанда шахсларнинг илм ва ватанпарварлигига урғу берилди. Дастлаб Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга давлатларга элчиликка номзодлар танланди. Жанубий Корея иқтисоди ривожланган, сиёсий қарашларида Ўзбекистонни қўллаб-қувватловчи, тарихан боғлиқлик жиҳати бўлган давлатлардан бири эди.
Элчиликка номзод танлашда ҳаммасини давлат раҳбарининг қарори ҳал қилди. Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаётган Виталий Васильевич Фен муваққат вакил этиб тайинланди. Унга ўзга мамлакатда ҳаммасини бошидан бошлаш вазифаси юклатилди. Икки нафар ходим билан Сеулдаги бинолардан учта хона ижарага олиниб иш бошланди. Мустақил Ўзбекистон байроғи қадалди. Бугун эса Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси Сеулнинг қоқ марказидаги энг ҳашаматли бинолардан бирида жойлашган. Виталий Фен эса Жанубий Кореядаги хорижий мамлакатлар элчилари корпусининг раҳбари этиб сайланди. Бу унинг дипломатик тажрибасига берилган юксак баҳо эди.
Виталий Фен миллати корейс бўлса-да, у Марғилон марказидаги маҳаллада туғилиб ўсган. Миллий урф-одатларни яхши билар, диний эътиқодда ҳам исломни қабул қилган, ёш, аммо интилувчан, изланувчан, садоқатли инсон эди. Спорт билан шуғулланиб, мамлакат биринчиликларида ғолибликни қўлга киритган, анчайин таниқли боксчи бўлган. Кейинчалик спорт маъмури-вилоят спорт қўмитаси раиси, республика спорт қўмитаси раис ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
Илгари раҳбарлик лавозимларида орттирган тажриба унга қўл келди. У тез орада Жанубий Корея тадбиркорлари билан яқин алоқалар ўрнатди. Уларни Ўзбекистон келажагига ишонтира олди. Корейс инвесторларини Ўзбекистонга олиб келишда ҳақиқий фидойилик кўрсатди. Бугун Ўзбекистонда фаолият юритаётган қўшма ёки хорижий корхоналарнинг аксарият қисми шахсан Виталий Фен даъвати билан юртимизга келган. Ўзбекистон – Корея Республикаси товар айланмаси ўн миллиардларга етишида ҳам ўзи камтар, аммо изчил элчининг хизматлари катта.
Виталий Фен ўзи элчи бўлган мамлакат раҳбарияти билан тез тил топиша олган дипломат сифатида тарихда қолди. Жанубий Кореянинг барча президентлари, ташқи ишлар вазирлари уни ишчанлиги, ўз вазифасини яхши билгани учун ҳурмат қилар эди. Бир гал мен ижодий сафар билан Кореяга борганимда Сеул мэри қабул қилди. Унинг ўшанда айтган сўзлари ҳамон эсимда:
– Виталий Васильевич дипломатия соҳасида бизга, жумладан, шахсан менга устоз, деб биламан, – деган эди Сеул мэри Ли Мен Бак.
Кейинчалик бу инсон Корея Республикасига Президент этиб сайланди.
Виталий Фен Ўзбекистондан Жанубий Кореяга борган барча инсонларга, ким бўлишидан қатъий назар, эътиборли эди. Имкон қадар уйига таклиф қилиб, Людмила опа (рафиқаси, худо раҳмат қилсин) пиширган тотли сомса ва Марғилонча ош едирмай жўнатмас эди. Ўзи Фарғонага келганида эса биринчи галда мусибатдор хонадонларга бориб фотиҳа ўқирди. Беморлардан хабар оларди. Дўстларидан вақтини аямас эди.
Мен бир неча бор Кореяда хизмат сафарида бўлдим. Ҳар гал ахборий, ташкилий ишларда ёрдам берган. Журналистларга алоҳида эътибор кўрсатарди. Бир гал Ко Жо До оролида икки ўзбек аёли фирибгарлар томонидан тутқинда қолгани ҳақида гапириб бердим. Икки кун ўтмай, уларни озод қилиб Ўзбекистонга жўнатди. Умуман, Кореяда таълим олаётган, ишлаётган ватандошларнинг энг яқин кўмакчиси эди Виталий Васильевич Фен.
Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчиси лавозимида 25 йил давомида ишлаган Виталий Фен давлатимизнинг юксак мукофотлари: “Фидокорона хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланди. Жанубий Кореянинг “Гвангхва” ордени ҳам унинг икки мамлакат муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун берилган.
Виталий Васильевич Фен шубҳасиз, ўзбек дипломатияси тарихида ёрқин саҳифа қолдирди...
Бу сатрларни ўтган замон феъли билан ёзиш қанчалар оғир. Виталий Васильевич Фен 77 ёшида оғир касалликдан сўнг 2024 йил 18 июнь куни вафот этди. Бугун, 19 июнь куни Фарғона кўчаларидаги ҳаракат бир муддат тўхтатилди. Ислом таомилига кўра жаноза намози ўқилгач, минглаб аҳли Фарғона ўзининг ҳақиқий ватанпарвар, фидойи ўғлонини охирги йўлга кузатиб қўйди...
Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
ЎзА