Ўзбегу қирғизнинг дўстлик байрами (+видео)
У қайси миллат, халқ бўлмасин, бошқа халқлар билан тотув ҳамда ҳамкорликда яшасагина тинч-хотиржам, бахтиёр келажакка эришади. Айниқса, Турон замин халқларига бугунгидек бирдамлик муҳим.
Чунки сўнгги асрлардаги геополитик, миллатчи сиёсат уларни бир-биридан айро қилиш, узоқлаштиришга ҳаракат қилди. Бугунги Янги Ўзбекистон эса барча тўсиқларни очиб ташлади ва бағрикенглик, биродарлик сиёсати байроқдори бўлди.

Қобилжон Чўттибоев ва Боқижон Қурбонов аслида бир ариқнинг икки томонида ака-укадек ўсиб улғайдилар. Лекин шундай кунлар ҳам бўлдики, ўртага симтўсиқлар қўйилди. Кунда- кунора бир-биридан хабар оладиган дўстларни йиллар давомида икки ёқлама чегара ажратиб турди. Мана энди, яна ҳаммаси жойига қайтди. Тўй-маърака, байрам-у тадбирлар бир-бирисиз ўтмайди.

Бугун Фарғона туманидаги чегараолди Юқори Водил маҳалласида Рамазон ҳайитига ҳозирлик кўришмоқда. Маҳалланинг катта-кичиги йиғилган. Унда Япоғи қишлоғидан бир гуруҳ қирғиз биродарлар ҳам иштирок этишди.

¬– Қирғиз мактабини битириб ишлаяпман. Барча миллатлар дўст-биродар, тенг шароитлар яратилган. Улус ажратишлар йўқ, – дейди Япоғи қишлоғидан бўлган Мамарўзи Жумаев.
Ўзбек-қирғиз бир дарахтнинг япроқлари каби аҳил-иноқ. Бугунги байрамга ҳам икки миллатнинг катта-ю кичиги бирдек ҳозирлик кўрди. Ҳунармандлар тиккан кашталардан то китоб кўргазмасигача кўз-кўз қилдилар. Спорт мусобақалари ўтказилди. Халқона лапарлар айтилиб, даврани қизитишди. Чунки улар, ўзбегу қирғиз кечаги захматларни унутишмаган ва бугун яратилган имкониятлардан миннатдор.

– Илгари қўшни Қирғизистонга қариндош-уруғлар ўртасида борди-келди жуда ҳам қийин эди, – дейди Фарғона вилоят қирғиз миллий- маданий маркази раҳбари Наргиза Ҳанибоева. – У ёққа келин бўлиб тушган ёки Ўзбекистонга келин бўлган қизлар ота-оналарини узоқ вақтгача кўролмаган. Ҳаттоки, тўй-маъракаларда ҳам иштирок этиш қийин эди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан оҳирги йиллар оралиғида ID карта билан бориб қариндошларни кўриб келяпмиз.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/KECi_6VaQ-w" title="Oʻzbegu qirgʻizning doʻstlik bayrami" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тадбирда сўзга чиққанлар бундай доруломон замонлар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли келганини алоҳида таъкидладилар.
Юқори Водил маҳалласидаги дўстлик байрами Фарғона туманининг чегараолдидаги барча қишлоқ ва маҳаллаларида давом этмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат, видео),
ЎзА мухбирлари