Ўзаро ишонч ва ҳамкорлик мустаҳкамланди
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти раҳбарларининг Самарқанд саммити ташкилотнинг бутун фаолияти давомида энг кўп давлат раҳбарлари иштирок этгани, аъзо давлатлар ҳамкорлигини янги босқичга кўтарганлиги билан ҳам тарихий аҳамият касб этди.
Саммит ўз олдига қўйилган вазифаларни тўла тўкис адо этди, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, саммит доирасида жами 44 та ҳужжат — битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот фаолияти тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Барча аъзо давлатлар учун манфаатли бўлган ва ўзаро бирдамликка асосланган лойиҳалар, қабул қилинган ҳужжатлар иқтисодий жиҳатдан юқори даражада самара келтириши, халқаро ҳамкорлик кўлами кенгайишига тўсиқ бўлаётган қатор муаммоларни ҳал этишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Жумладан, улар орасида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида транспорт ва логистика алоқаларини ривожлантириш, шубҳасиз, энг муҳимларидан бири бўлди. Бу масала аввалги йилларда ҳам кун тартибига қўйилган, лекин ҳозирга қадар долзарблигини йўқотмаган эди. Айниқса, улкан иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга Хитой ва Ўзбекистонни Қирғизистон орқали темирйўл линияси билан боғлаш лойиҳасини саммит эришган энг самарали натижалардан бири дейиш мумкин.
Саммитда Эронга иштирокчи давлат мақомининг, Беларусь давлатига эса аъзо бўлиш жараёнини бошлаш имконининг берилганлиги ҳам муҳим воқелик бўлди. Умуман, аъзо мамлакатлар халқлари манфаати йўлида барқарор ва мустаҳкам ривожланиш истагида бўлган давлатларни янада жипслаштиришга, бирлаштиришга қаратилган ташқи сиёсий тузилма сифатида халқаро ҳамжамият ўртасида ШҲТга ишонч ортиб бораётганлигини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Қолаверса, Ўзбекистоннинг туризм борасидаги ташаббуси самараси ўлароқ, кейинги йил ШҲТ доирасида “Туризм йили”, деб эълон қилинди. Бу ҳамкор давлатлар халқлари ўртасидаги ўзаро маданий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга кенг йўл очиб беради.
Саммит ШҲТ дунёдаги геосиёсий зиддиятларга аралашмайдиган, турли блокларга қарши ёки бирга бўлмайдиган соф иқтисодий-маданий халқаро тузилма эканлигини яна бир бор исботлади. Бундан ташқари, Хитой ҳамда Эрон давлат раҳбарларининг давлат ташрифи доирасида меморандумлар имзоланди. Биргина Хитой билан қарийб 15 миллиард долларлик шартномалар тузилганлиги юқори натижадир. Энг муҳим масалалардан яна бири – Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш лойиҳаси ҳам шу саммит доирасида муҳокама этилди. Ушбу масалада аниқ бир тўхтамга келинмаган бўлса-да, бу борада келгусида режали ишларни амалга оширилишига йўл очиб берди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз таъкидлаганидек, тарихий аҳамиятга эга бўлган Самарқанд саммити Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар учун фойдали ва манфаатли бўлган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кўламини кенгайтиришга замин яратди.
Акрамжон Юлдашев,
Андижон давлат университети ректори, профессор
ЎзА