Озарбайжон ва Арманистон чегарасида тўқнашув
Озарбайжон ва Арманистон давлат чегараларида қуролли тўқнашув юз берди.
Озарбайжон ва Арманистон давлат чегараларида қуролли тўқнашув юз берди.
"12 июль тушдан кейин Арманистон Қуроли кучлари қўшинлари ўт очмаслик тўғрисидаги тартибни қўпол равишда бузиб, Товуз тумани ҳудудидаги Озарбайжон — Арманистон чегарасида бизнинг позициямизга қарата артиллерия қурилмасидан ўқ уза бошлади. Ҳар икки томон талофат кўрди", — дея Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати “РИА Новости”га маълум қилган.
Агентлик суҳбатдошининг сўзларига қараганда, Озарбайжон икки ҳарбий хизматчини йўқотган. Беш киши яраланган. Боку Арманистон томонидан ҳам қурбонлар борлигини қайд этган.

Ўз навбатида Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Арманистон чегарачиларидан ҳеч ким ҳалок бўлмаганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон ҳарбийлари чегара-таянч пунктини эгаллашга, аввалроқ эса машинада чегарани бузиб ўтишга уринган.
Маълумки, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғ ҳудуди билан боғлиқ кўп йиллик низо мавжуд. 1988 йил февралда Тоғли Қорабоғ автономияси Озарбайжон СССР таркибидан чиққанлигини эълон қилди. Кейинчалик 1992-1994 йилларда рўй берган қуролли тўқнашув оқибатида Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ва ҳудудга туташ 7 та туман устидан назоратни бутунлай бой берди.
Шу билан бирга мазкур низони тинч йўл билан ҳал этиш мақсадида 1992 йилдан буён Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Россия, АҚШ ва Франция ҳамраислигидаги Минск гуруҳи доирасида саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.