Озарбайжон мудофаа вазири Самарқандга келди
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов Озарбайжон Республикаси мудофаа вазири, генерал-полковник Закир Гасанов билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий ва ҳарбий жараёнлар шароитида минтақавий хавфсизликни таъминлаш, қардош давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тинчлик ва барқарор тараққиётнинг асосий гарови эканлиги таъкидланди.

Икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, тажриба ва амалий билим алмашувини йўлга қўйиш, шунингдек мамлакатлараро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро терроризмга қарши курашишда ўзаро алоқаларни кучайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Самимий руҳда ўтган мулоқот Ўзбекистон ва Озарбайжон мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда янги қадамлар қўйилишига замин яратиши қайд этилди.

Озарбайжон Республикаси мудофаа вазири, генерал-полковник Закир Гасанов 21 октябрь куни Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирлари билан биргаликда Марказий ҳарбий округ “Каттақўрғон” полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғиз Республикаси мудофаа вазирликлари бўлинмалари иштирокида ўтказиладиган “Бирлик – 2025” минтақавий ўқув машғулотларини ҳам кузатади.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА мухбири