“ЎЗАГРОСУҒУРТА” 91,5 миллиард сўмлик зарарни қоплади
“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти томонидан 2020 йилда қарийб 91,5 миллиард сўм суғурта товони тўлаб берилди.
Ўзагросуғурта – мамлакат суғурта бозорининг энг илғор жамиятларидан бири сифатида миллий суғурта бозорини ривожлантиришда ўз ўрнига эга. У изчил ривожланиш йўлидан бориб, мамлакатимизда суғурта ишини иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айлантириш, аҳоли ўртасида суғурта маданиятини ошириш, мижозларга айнан улар хоҳлаган суғурта хизматларини таклиф этиш, илм-фаннинг энг илғор ғояларини ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этишни амалда қўлламоқда.
Жамиятнинг асосий фаолияти юридик ва жисмоний шахсларга ҳар томонлама қулай суғурта хизматларини кўрсатиш, аҳолининг шахсий ҳамда мулкий манфаатларини суғурта йўли билан ҳимоялашдир.
Айни пайтда ушбу суғурта компаниясининг республикамиз бўйлаб 14 та филиал, 209 та суғурта маркази, 334 та агентлик шахобчаси фаолият юритиб, уларда 1200 нафарга яқин суғурта агенти аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу мамлакатнинг энг чекка ва узоқ ҳудудларидаги мижозларга ҳам сифатли суғурта хизматларини кўрсатиш имкониятини яратади.
Жамият томонидан 2020 йилда 178,2 миллиард сўмлик суғурта мукофотлари таъминланди. Шундан 44,7 миллиард сўм қишлоқ хўжалиги, аҳоли суғуртаси бўйича 8,9 миллиард сўм ва 37,8 миллиард сўм бошқа суғурта турларидан таъминланган суғурта мукофотлари ҳисобланди.
Шу даврда қарийб 1,5 миллион суғурта шартномалари тузилди. Бу республика суғурта бозорида расмийлаштирилган жами шартномаларнинг қарийб 26 фоизига тўғри келади.
Жамият тизимида 2020 йилдан барча ҳисоботларнинг қоғоз шаклидан воз кечилиб, уларни электрон дастур асосида шакллантириш ва умумлаштириш, халқаро стандартлар асосида бухгалтерия ва молия ҳисоботларига ўтиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жамият глобал пандемия даврида ҳам суғурта товонларини тўлаш бўйича суғурта бозорида ўз етакчилигини сақлаб қолди.
Кетма-кет икки йилдирки, жамият “Fitch Retings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан “ББ –” барқарор рейтингига эга бўлди. Мазкур нуфузли халқаро агентлик дунёдаги йирик тўртликка киради. Асосан молия-банк ва суғурта соҳасида фаолият олиб бораётган компанияларнинг қимматли қоғозлари, суғурта хизмати сифати ва қамрови, активлари ҳамда депозит портфели, шунингдек, молиявий ҳолатига кўра баҳолайди.
Дунёнинг кўплаб инвесторлари “Fitch Retings”нинг кредит рейтингига таяниб иш кўради. Демак, “Ўзагросуғурта” АЖга жаҳон суғурта ва қайта суғурта бозорларида кенг фаолият олиб бориш имконияти яратилди. Шунингдек, жамият учун маҳаллий экспортёрлар ва Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи бўлган инвесторларни суғуртавий ҳимоя орқали қўллаб-қувватлаш имконияти кенгайди.
Ушбу рейтинг кўрсаткичи жамиятнинг олинган мажбуриятларнинг ўз вақтида бажариш кафолати ҳамда молиявий барқарорлик белгисидир.
Умуман олганда, жамият томонидан 2020 йилда қарийб 91,5 миллиард сўм суғурта товони тўлаб берилди. Бу республика суғурта бозорида жами тўланган суғурта товонларининг қарийб 12,5 фоизига тўғри келади.
2020 йил компаниянинг молиявий ҳолати учун салбий таъсир кўрсатувчи ҳодисаларга бой бўлганига қарамай, йил якунлари бўйича "Ўзагросуғурта" АЖ томонидан белгиланган соф фойда прогноз кўрсаткичлари бажарилди.
Таъкидлаш жоизки, жамиятда ёшлар масаласига алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан ёш кадрларни кўпайтириш, уларнинг касбий салоҳияти ва малакасини ошириш, олий таълим муассасасида ўқиши учун шароит яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ўрта махсус маълумотга эга бўлган 27 нафар ходим олий таълим муассасасига тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинди.
“Ўзагросуғурта” АЖ тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг 30 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бугунги кунда 22 нафар ёш кадр раҳбарлик лавозимида фаолият юритаётгани ҳам ёшларга бўлган эътибор юксаклигининг ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган кадрлар малакасини ошириш, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда халқаро бозорларда янги сегментларни ва экспортни кўпайтириш каби муҳим ва долзарб вазифалар “Ўзагросуғурта” АЖ томонидан 2021 йилда устувор йўналиш этиб белгиланган.
Шу билан бирга, Президентимизнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш ҳам 2021 йилга мўлжалланган энг асосий вазифалардан биридир. Фармонга мувофиқ, жамият томонидан 5 банд, 31 та йўналишдан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланмоқда.
“Ўзагросуғурта” АЖ
Ахборот хизмати.
ЎзА