ЎзА танқид қилади: Ерқўрғонми ёки Лойқўрғон?
Луқма
Хаёлингиз Қашқадарё вилоятида жойлашган қадимий ёдгорликка кетаётгандир. Йўқ, шошилманг. Гап шундай буюк тарихий жой номини олган Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳри четидаги озиқ-овқат деҳқон бозори ҳақида кетмоқда.
Агар йўлингиз тушиб айнан шу бозорга бормоқчи бўлсангиз қиш кунларида енгил оёқ кийимда боришни маслаҳат бермайман. Этик кийиб олганингиз маъқул. Акс ҳолда лойга ботасиз. Аслида айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархини билиш учун боргандик, лекин у ердаги абгор аҳвол нарх наводан ҳам муҳимроқ муаммоларни ёзишга мажбур қилди. Бозор вилоятдаги энг катта озиқ-овқат бозори саналади. Тушумлар ҳам шунга яраша. Аммо сотувчи-ю харидорларга яратилган шарт-шароит, чекка қишлоқлардаги дашт бозорлардан ҳам хароб. Айниқса, улгуржи маҳсулотлар сотиладиган томонга ўтсангиз тиззагача лойга ботишингиз тайин.
[gallery-10439]
Сотувчилар билан суҳбатлашар эканмиз: “Патта берувчи назоратчилар пул йиғишга келганда ҳисобдан умуман адашмайди, шароит эса ноль”, дейишганча дарди ҳол қилади.
Қишнинг ёғингарчилик пайтлари ҳаммаёқ лой-шалаббо, ёзда эса бу лойлар чанг-тўзонга айланади. Бозор маъмурияти эса пинагини ҳам бузмайди. Ўзини ҳурмат қилган киши бундай шароитда юришни истамайди. Бу қачонгача давом этади? Ахир ўрта асрлар эмаски, бозорга тоза кийимда келиб, ярим белгача лойга ботиб қайтсак?!
Бу луқма ортидан кимнидир қоралаш, айблаш ниятимиз йўқ. Сотувчи-ю харидорлар аҳволига ачинганимиздан ёздик. Ўйлаймизки, масъуллар тез орада ушбу муаммоларга эътибор қаратади. Бозордаги шароитларни яхшилаш ҳақида ўйлаб кўради. Йиғилган тушумларнинг бир қисмини бунёдкорлик ишларига сарфлайди. Зеро, халқ эртага эмас, бугун яхши яшаши керак.
Ҳа, айтганча, бозор раҳбари бир-икки йил олдин алмашган эди. Раҳбарни алмаштириш масалага ечим бўлолмайди, бўлмади ҳам.
Мавзуга ҳали қайтамиз.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА