Оёқни узатиб ётадиган пайт эмас...
Ҳаёт йўли теп-текис эмас, унинг паст-баланди бор.
Ҳаёт йўли теп-текис эмас, унинг паст-баланди бор. Бу ҳам кураш майдони. Ким курашса, тўсиқларни енгиб ўтса, синовларга бардошли бўлса, яхши яшайди. Лекин яхши яшашга халақит берадиган ҳолатлар ҳамма вақт бўлган. Бундан эсанкираб қолмаслик керак. Ҳозирги касаллик ҳам ўткинчи бир синов.
Бу пайариқлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 98 ёшли Мамадали Сиддиқовнинг фикрлари.
Отахон айни пайтда Пайариқдаги якка-ю ягона уруш қатнашчиси, таъбир жоиз бўлса, туманнинг энг эъзозли кишиси.
Зарафшон маҳалласида истиқомат қилаётган Мамадали бобо 1944 йилда фронтга сафарбар этилиб, кўп синовларни бошидан кечирган, ўлим билан олишган ва қишлоғига ғалаба билан қайтиб келиш насиб этган йигитлардан бўлган. Шунинг учун бугунги ҳаёт синовлари ва ташвишларидан чўчимайди, бошқаларни ҳам бунга даъват этади.

– Уруш йиллари халқимиз бошидан қандай машаққатли кунларни кечиргани барчамизга маълум, – дейди Мамадали бобо. – Буни кўпчилик эшитган бўлса, биз гувоҳ бўлганмиз, бошимиздан ўтказганмиз. Аммо урушгача ҳам, ундан кейин ҳам халқимизга осон бўлмаган, ҳаётимиз силлиқ кечмаган. Ўша пайтлар билан қиёслаганда ҳозир ваҳима қиладиган, қўрқувга тушадиган ҳеч гап йўқ. Фақат тиббиёт ходимларининг тавсиясига амал қилиб, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш, уйда ўтириш сўраляпти. Очарчилик эмас – егуликни керак бўлса, эшиги олдигача олиб келиб беришяпти. Нотинч замон эмас – ҳамма уйида хотиржам ўтирибди. Лекин бу уйда оёқ чўзиб ёт дегани эмас-да. Уйда бўлса ҳам фойдали меҳнат билан шуғулланиш, даромад топишга ҳаракат қилиш, яшаш учун курашиш керак. Қўлидан ҳеч иш келмайдиган кексалар, касал ва ногиронлар бор. Уларнинг таъминотини давлат ўз зиммасига оляпти, имкон қадар ёрдам кўрсатмоқда.
Лекин тўрт мучаси соғ одам ўз ҳовлисида ишлаб, бугуни ва эртанги куни учун ризқ яратиши мумкин. Айниқса, ёшларимиз, улар шу пайтгача қийинчилик кўрмай, ҳаёт синовларни бошидан ўтказмай ўсди, илоҳим, бундан кейин ҳам оғир кунларни кўрмасин, озгина қийинчилик олдида ўзини йўқотмасин. Давлат бугун касалликка қарши курашиш, аҳолини қўллаб-қувватлаш учун катта маблағ сарфлаяпти, иқтисодиёт зарар кўраётгани айтилмоқда. Эртага бунинг ўрнини тўлдириш керак. Бу ишни ким қилади – шу мамлакатда яшаётган одамлар-да. Президент ҳар куни куйиниб гапиряпти, халқимизни томорқада ишлашга, мол, товуқ боқишга чақиряпти. Бундан ҳар бир киши хулоса қилиши керак. Мен шу гапларни эшитсам, ғайратим жўшиб кетаверади, лекин озгина кучим етмайди-да. Шундай бўлса ҳам невара-эвараларни томорқага чиқариб, уларнинг ишини кузатиб, тепасида тураман.

Мамадали бобони кўрган, ҳамсуҳбат бўлган киши у кишининг қарийб юз ёшга кирганига ишонмайди. Гап-сўзлари аниқ-тиниқ, ҳаракатлари чаққон. Отахон бу ғайрат-шижоати сирини доимий жисмоний ҳаракатда бўлгани, меҳнат қилгани билан изоҳлайди. Урушдан кейин бир умр ўқитувчилик қилган, мактабни бошқарган фахрий муаллим бўш вақтини томорқа юмушлари билан ўтказган. Ҳозир ҳам болалари, невара-эвараларини томорқадан самарали фойдаланишга ундайди.
– 1945 йил февраль ойида жанг пайтида оғир яраланиб госпиталга тушганман, – дея хотираларини сўзлайди Мамадали бобо. – Жароҳатим тузалгач, врачлар “хоҳласанг, уйингга кетишинг мумкин, жавоб берамиз, лекин бу ёқда ғалабага ҳам оз қолди. Ғалабани шу ерда нишонлайман десанг – фронтга, уйда десанг — оқ йўл” деди. Мен фронтни танлаб, Ғалабани Берлин остонасида қуролдош дўстларим билан нишонлаганман. Яратганга шукр, 75 йилдан буён бу санани байрам қилиш насиб этмоқда менга. Ҳар йили байрам арафасида Президент томонидан пул мукофоти ва эсдалик совғалар олишимиз ёшимизга ёш қўшмоқда. Илоҳим, юртимиз тинч бўлсин, бу бало-офатлар халқимиз бошидан тезроқ кетсин!