Ўтмишда қолган маъюс болалик
Хотира ва қадрлаш куни олдидан
Туну кун қўрқувдан алаҳлаб уйғоқ,
Ўлимга тик боқдинг маъсум ва мудроқ.
Нажоткор ҳаётдан ўтдингми шундоқ,
Ташналик, очликка маҳкум болалик.
Танангни ёқдилар жирканч ёвузлар,
Инсон боласимас – улар тўнғизлар.
Гўдак жонинг уволи тутган малъунлар,
Қисматинг аянчли, машъум болалик.
О, бунча бешафқат тақдир битилган,
Урушнинг беомон йўли ўтилган.
Қанчаси бенишон, гоҳ унутилган,
Симтўсиқ ортида қолган болалик.
Нина Мартинова, Иван Гришков. Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида истиқомат қилиб келаётган 84 ва 88 ёшли бу инсонлар учун болаликнинг шўх-шодон, бахтли кунлари бегона. Инсоният бошига кечириб бўлмас мусибатларни солган фашист босқинчилари уларни болалик бахтидан мосуво этишдек оғир жиноятга қўл урган. Нина Мартинова ва Иван Гришковга ўхшаган тақдирлар минглаб, юз минглаб, ҳатто миллионлаб десак, адашмаймиз.

Орадан шунча йиллар ўтибдики, инсоният фашист босқинчилари томонидан амалга оширилган қабиҳлик ва ёвузликни унута олмайди. Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, Ленинград қамали ва концентрацион лагерлар тутқунлигида бўлган инсонларга ҳамиша юксак ҳурмат-эҳтиром, эътибор кўрсатилиб келинади. Буюк ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан «Ғалаба боғи» ходимлари ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Ҳакимов ҳамроҳлигида Нина Мартинова ҳамда Иван Гришков хонадонида меҳмон бўлдилар. Ҳар икки фахрий меҳмонларга бошдан кечирган қийинчиликларни ҳикоя қилиб берар экан, кўрсатилаётган эътибор учун чин дилдан миннатдорлик билдирди. Меҳмонларнинг ташрифидан боши кўкка етган онахон ва отахон Марат Ҳакимов билан биргаликда «Катюша», «Тёмная ночь», «День Победы» қўшиқларини кўтаринки кайфиятда ижро этди.
– Ленинград қамалининг азоб-уқубати, даҳшатини бошимдан кечирганман, – деб ҳикоя қилади Нина Мартинова. – Фашистлар шаҳарни бомбардимон қилган пайтлар икки марта оёғимдан яраланганман. Уруш туфайли ота-онамдан айрилдим. Отам Федосей Скрипников фронтдан яраланиб қайтиб, Иванова шаҳридаги госпиталда вафот этган. Онам Марфа Скрипникова эса қамалда опам ва менинг ҳаётимни сақлаб қолиш учун очлик азобидан кўз юмган. Ота-онамдан эрта айрилганимиздан кейин бизни аввалига Саратов вилоятининг Богучанск районига, кейин Нижний Тагил шаҳридаги етимлар уйига жойлаштиришди. 1952 йил Груня аммамнинг таклифига кўра, Тошкентга кўчиб келганман. Ўшандан буён Тошкентни иккинчи она юртим сифатида ардоқлаб, яшаб келмоқдаман...
1933 йилда Ростов вилоятининг Темирюк шаҳри, Курчанск станциясида туғилган Иван Гришков болаликнинг тўрт йилини немис концлагерларида ўтказди. Фашист босқинчилари Курчанскдаги ўнга яқин оилани икки ой давомида ташландиқ бинода очлик ва ташналик азобида қийнаб, уларни Минскдаги концлагерга жўнатган. Босқинчилар томонидан 8 ёшли Иван, онаси ва 5 яшар синглиси тутқунликка маҳкум этилди. Фашистлар кейинчалик Иванни Минскдан Кёнигсбергдаги концлагерга ўтказган. 1941 йил фронтга кетган отаси Павел Гришков Жанубий фронт таркибидаги 5-зарбдор армиянинг 34-гвардиячи ўқчи дивизия, 105-гвардиячи полкида, 1-Беларусь фронтида эса 79-гвардиячи ўқчи дивизиянинг 83-гвардиячи алоҳида танкка қарши қирувчи дивизионида жанг қилган.
Ғалабани Германияда кутиб олган Павел Гришков «Жанговар хизматлари учун», «Жасорати учун» медаллари ва III даражали «Шон-шуҳрат» ордени билан тақдирланган. Кёнигсбергдаги концлагер тутқунлигидан озод этилган Иван Гришков 1962 йилдан буён Тошкентда истиқомат қилади.
Асрор РЎЗИБОЕВ.