ОТБ вакиллари Қорақалпоғистондаги йирик лойиҳалар билан танишди
Жорий йилнинг 14-16 октябрь кунлари Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда "Қорақалпоғистон Республикасида Осиё тараққиёт банки кунлари” медиа-миссияси ўтказилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад - ОТБнинг Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан ҳамкорлиги натижаларини, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида Қорақалпоғистон Республикасида эришилган тараққиёт натижалари ва ҳамкорликнинг ижобий таъсирини кенг ёритишдан иборат.
Таъкидланганидек, Осиё тараққиёт банкининг Қорақалпоғистон Республикаси билан ҳамкорлиги 2025 йил май ойида имзоланган стратегик ўзаро англашув меморандумига асосланади. 2026 йил 1 майда Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик меморандуми имзолангандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси ва ОТБ ўртасидаги ўзаро англашув меморандумини ҳам янгилаш зарурати юзага келди. Минтақадаги ҳамкорлик узоқ тарихга эга. 2001 йилда сув таъминоти лойиҳаси Нукус шаҳри ва Беруний туманини қамраб олди. 2002 йилда эса Ғарбий Ўзбекистон қишлоқ сув таъминоти лойиҳаси қурғоқчилик ва Орол денгизи таназзули оқибатларидан зарар кўрган Қорақалпоғистон ва Хоразм аҳолисини қўллаб-қувватлашга қаратилди. Энергетика соҳасида Тахиатош иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш ва Шимоли-ғарбий ҳудуд электр тармоқларини мустаҳкамлаш қўллаб-қувватланди. Ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишлари энергетика, транспорт, сув таъминоти ва шаҳарларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.
[gallery-32011]
Қорақалпоғистоннинг қурғоқчил шароитида хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Ер усти сувлари танқислиги, ер ости сув манбаларининг ночорлиги ва инфратузилманинг эскиргани лойиҳани ишлаб чиқишга асос бўлди. Хусусан, Осиё тараққиёт банки иштирокида қиймати 145,0 миллион долларлик “Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилиб, Қораўзак, Беруний, Амударё ва Мўйноқ туманларида сув тақсимлаш иншоотлари ва сув тармоқларини қуриш ҳамда Амударё туманидаги “Манғит” сув тозалаш иншоотини қуриш ишлари олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Оролбўйидаги йирик объектлардан бири Амударё туманидаги “Манғит” сув тозалаш иншооти фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 167,7 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида объект тўлиқ реконструкция қилиниб, суткасига 40 минг куб метр сувни тозалаш қуввати яратилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида 3 та ичимлик суви иншооти ва 300 километрдан зиёд сув тармоғи янгиланди. Ушбу бунёдкорлик ишлари натижасида Амударё туманида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 80 фоизга етказилди.
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CAREC) 2-йўлаги доирасидаги Қорақалпоғистон автомобиль йўли лойиҳаси халқаро аҳамиятга эга бўлган А380 “Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу” автомобиль йўлини модернизация қилиш орқали минтақавий савдо ва транспорт тизимини ривожлантиришга қаратилган йирик инфратузилма ташаббусидир. Лойиҳа Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида молиялаштирилмоқда. Ушбу дастур доирасида Қорақалпоғистон ҳудудида асосий иккита йирик лойиҳа босқичи амалга оширилмоқда. Жумладан, модернизациялаш ва Иқлим барқарорлиги лойиҳаси умумий ҳисобда А380 магистралининг 87 километрлик қисмини ташкил этади. Шундан 75 километр узунликдаги янги Тўрткўл – Элликқалъа – Беруний айланма автомобиль йўли қурилиши ва мавжуд йўлнинг 12 километр қисмини тўлиқ реконструкция қилишдан иборат.
Нукус-2 шамол электр станцияси ва аккумуляторли энергия сақлаш тизими лойиҳаси қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станцияси ва сиғими 100 МВт·соат бўлган аккумуляторли энергия сақлаш тизими қуришни назарда тутади. У қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қазилма ёқилғи манбаларини алмаштириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Электр энергиясини тармоққа узатиш учун 44 километр узунликдаги ҳаво электр узатиш линиясини қуриш, 220 кВ тақсимлаш қурилмаси ва Беруний подстанциясини кенгайтириш кўзда тутилган.
Осиё тараққиёт банкининг мамлакатимиздаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая хоним раҳбарлигидаги делегация ва журналистлар сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ва қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари билан танишди. Мазкур инфратузилмага йўналтирилган инвестициялар ҳудуд ривожи, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашдаги аҳамиятининг гувоҳи бўлди. Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги яқин 4 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури мамлакатимиз, шу жумладан, Оролбўйида амалга ошириладиган янги йирик лойиҳаларга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА