Отасига автомобиль совға қилган қиз
График дизайн — дизайн соҳасининг йўналишларидан бири бўлиб, маълум ахборотни ижтимоий гуруҳларга етказиш учун визуал контент яратиш, уларни тартиблаш, лойиҳалашга хизмат қилади. График дизайннинг асосий мақсади муаммоларни аниқлаш, уларни ижодкорлик билан инновацион ва рақамли воситалар ёрдамида ўзгартириш ҳамда тўғри талқин қилишдан иборат.
Ҳикоямиз қаҳрамони Мадина Мавлонова график дизайнер. У иш фаолиятини фрилансер сифатида уйдан олиб боради. Унинг отаси заводда электрик, онаси эса боғчада тарбиячи вазифасида ишлайди. Мадина Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 5-мактабда, сўнгра Техника касб-ҳунар коллежида таҳсил олган. Фаолиятини 17 ёшида бошлаган. У дастлаб коллежнинг 2-босқичида ўқиётганида фотостудияга амалиётга чиқиб, суратларни монтаж қилган.

– Ота-онам оила қургач, ҳаммасини биргаликда бошидан бошлашган, мустақил оила тебратиб, бизни катта қилишган, – дейди Мадина Мавлонова. –Турмушдаги муаммоларни кўрганимда, тезроқ катта бўлиб, ота-онамга ёрдам бераман, деб орзу қилардим.

Олдинига ўзимни “Photoshop” яратишда синаб кўрганман. Винеткалар ясаганман. Ўшанда буни дизайн эканлигини ҳатто тушунмаганман. Илк ўқув курсим, дастурчилик бўлган. Ўшанда устозим Тошкентда имконият кўплигини айтиб, пойтахтда ишлашимни тавсия қилган. Онамнинг қаршилигига қарамай, улардан бекитиб, суҳбатга бориб келганман. Буни билиб қолган онам мендан роса хафа бўлган ва уйдан чиқишимни тақиқлаб қўйган. Лекин, Тошкентдан қўнғироқ қилиб чақиришганидан сўнг, ота-онамнинг ўзлари бирга бориб иш жойимни кўриб, танишгач, Тошкентда таълим олиб, ишлашимга рухсат берган.

Ўқиш 2 ой оффлайн форматда бўлган. Дарслар кеч соат 6 яримдан 10 гача давом этарди. Онам ўшанда мени деб икки ой мобайнида Тошкентда ижарада яшаган. 2020 йил пандемия бошланган пайтларда ота-онамнинг ишлари тўхтаган. Шунда уйда ўтириб онлайн даромад топиб, оиламизни тебратишга кўмаклашганман. Кейинчалик уйимизни таъмирлашга ҳам ўз ҳиссамни қўшдим. 2022 йилдан эса отамга машина олиш мақсадида пулларимни йиғишни бошладим ва жорий йил отамга янги автомобиль ҳадя қилдим.

Фарзанднинг таълим олишида ота-она қўллаб-қувватлови жуда муҳим. Ютуқларимнинг асосий омили бу ота-онамнинг менга берган кўмакларидир. Мен учун дадам рўзғордан орттириб “Macbook” олиб берди. Фрилансда уйдан ишлашимга қарамай, компьютерда ўтирсам, мени офисда ўтиргандай ишимни ҳурмат қилишади. Мен 2021 йилда ўзим каби қизларга таълим беришни мақсад қилиб, 5 нафар қизга грант эълон қилганман. Бироқ, истовчиларнинг сони 400 нафардан ортганига 34 нафар қизни танлаб, уларга 3 ой бепул дарс ўтганман. Уларнинг ҳам кўпчилиги ҳавас қилгулик натижаларга эришди.

Мадина 6 йиллик тажрибаси давомида 250 дан ортиқ лого яратган, 300 нафардан ортиқ тенгдошларининг IT йўналишларида таълим олишида ёрдам берган. У доимий равишда турли хорижий курсларда ўқийди. Хозир инглиз тили бўйича билимини яхшилаб, хизматларини четга экспорт қилишни режалаштирмоқда.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.
ЎзА